09.06.2025 16:01
169

Россияда кунига 3–4 та исломий ёдгорлик йўқ қилиняпти — мутахассислар хавотирда

Россия ҳудудида ҳар куни 3–4 та маданий мерос объекти, жумладан ислом цивилизациясига тегишли архитектура ёдгорликлари йўқ қилинмоқда. Бу масала KazanForum доирасида ташкил этилган «Россия — Ислом дунёси» анжуманида кўтарилди.

«ДОМ.РФ» компанияси минтақавий ҳамкорлик бўйича раҳбари Александра Соболеванинг маълум қилишича, маданий мерослар йўқолиш хавфи остида қолган.

Россиядаги тарихий архитектура ёдгорликлари давлат муҳофазасидаги объектлар сифатида рўйхатга олинган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги қаровсиз ҳолатда қолган. Улар орасида ислом тарихига дахлдор масжидлар, мақбаралар, мадрасалар ва бошқа бинолар бор, – дейди Александра Соболева.

Мутахассисларга кўра, ҳар куни йўқолиб бораётган 3–4 объектнинг катта қисми айнан шу меросга тўғри келади. Россиядаги маданий мерос объектлари сони катта, аммо уларни сақлашга мўлжалланган молиявий, ҳуқуқий ва техник ресурслар етарли эмас. Бу эса объектларнинг тарқалиши, бузилиши ёки қайта қурилиш баҳонасида йўқ қилинишига олиб келмоқда.

Форум доирасида Ўзбекистондан ташриф буюрган Марказий Осиё халқаро тадқиқот институти директори Эврен Рутбил исломий маданиятга тегишли объектларнинг кўп қисми VIII асрга бориб тақалишини билдирди.

— Бу минглаб қадимий шаҳарлар, масжидлар, мақбаралар, ҳамда улкан номоддий мерос ҳисобланади. Улар фақат маҳаллий ёки давлат даражасида эмас, халқаро ҳамкорлик орқали асраб қолиниши лозим, — деди Рутбил.

Ҳар куни 3–4 та ёдгорликнинг йўқолиши — бу фақат архитектуранинг эмас, балки бутун тарихнинг, маданиятнинг, хотиранинг йўқолиши демакдир, дейилди халқаро форумда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.