Украина ғарбидаги Тернополь шаҳрида 20 август куни тунда Россия ҳаво кучларининг саноат объектига берган зарбасидан сўнг ҳавода хлор концентрациясининг ортиши қайд этилди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият маълум қилди.

Тунги соат 3 да ракета ҳужуми натижасида, маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ёқилғи-мойлаш материаллари омборида ёнғин чиққан. Ҳужум натижасида қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Тахминан соат 15:00 да Тернополь вилояти ҳокимлиги ёнғин муваффақиятли ўчирилганини маълум қилди.

Маҳаллий ҳокимият ҳаводаги хлор контсентрацияси меъёрдан 4-10 бараварга ошгани сабабли Тернополь аҳолисини очиқ ҳавода ўтказадиган вақтларини чеклаш ва деразаларни маҳкам ёпишга чақирди.

Тернополь – Украина ғарбидаги шаҳар, аҳолиси тахминан 225 минг киши. Шаҳар фронт чизиғидан узоқда жойлашгани учун Россия ҳужумларининг тез-тез нишонига тушмайди.

Айни пайтда, Россиянинг Ростов вилоятидаги Пролетарск шаҳрида учинчи кундирки, нефть омборидаги улкан ёнғин давом этмоқда. Ёнғин Украина учувчисиз учоқлари томонидан берилган зарбадан кейин бошланган.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Пролетарскдаги нефть омбори тепасида тутун ва алангадан иборат улкан устун кўтарилаётгани акс этган видеолар чоп этилмоқда. Маълум қилинишича, ёнғин кўлами ва хавфнинг кучайиши сабабли ўт ўчирувчилар узоқ вақт давомида ёнғинни ўчиришни бошлай олмаган.

Вилоят раҳбари Василий Голубев маҳаллий вақт билан тахминан 19:00да ёнғин ўчирилаётганини маълум қилди. Унга кўра, ёнғинга қарши курашга иккита ёнғин ўчириш поезди ва битта самолёт жалб этилган.

"Яқин атрофда ландшафт ёнғинлари пайдо бўлишининг олдини олиш учун саноат майдончаси атрофида қўшимча минераллаштирилган линиялар яратилди", дея қўшимча қилди у.

Душанба куни аввалроқ Голубев 41 нафар ўт ўчирувчи касалхонага ётқизилгани, жумладан беш нафарининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга алоқадор