Россия-Украина уруши: 3 йилда нималар ўзгарди?
Россия томонидан Украинага қарши уч йил муқаддам айни шу кунларда авж олдирилган уруш дунёнинг сиёсий контекстида чуқур из қолдирди, давлатлар сиёсатини белгилаб берди, юз минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди. У нафақат Украина минтақасида, балки бутун дунё бўйлаб акс-садо берди.
Айни дамда эса АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада олиб борилаётган бу урушни тезроқ тугатишга интилмоқда. Ўтган ҳафта бошида АҚШ ва Россия юқори мартабали амалдорлари Саудия Арабистонида тинчлик музокаралари учун учрашди – аммо бунда Киевдан ҳеч қандай вакил иштирок этмади.
Қўшма Штатларнинг янги президенти томонидан илгари сурилган ёндашув бутун дунёни, шу жумладан Европа Иттифоқини ҳайратда қилдирди, улар Трампнинг уруш бўйича мазкур сиёсатига мослашишга интилмоқда.
Россия кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери ўтган уч йил ичида Украина кўплаб ерларини бой берди ва Ғарб иттифоқчиларининг ҳарбий ёрдами туфайли бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлди. Миллионлаб украиналиклар кўчирилди, минглаб, балки юз минглаб одамлар ҳалок бўлди ёки яраланди.
Украина 2022 йилдан бери ўз ерининг 11 фоизидан айрилди
Уруш бошида Украина ўз пойтахти Киевда қўшинларини ушлаб турди, кейинроқ шимоли-шарқий Харьков ва жанубий Херсон вилоятларининг бир қисмида ғалаба қозонди. Аммо у Донецк ва Бахмут атрофидаги шарқий ҳудудларда катта йўқотишларга йўлиқди.
2022 йилги босқиндан бери Украина ўз ерларининг тахминан 11 фоизини назорат қилишни йўқотди, деб ёзади АҚШда жойлашган можарони кузатувчи Урушни ўрганиш институти ходимлари. 2014 йилда можаро бошланганидан бери Россия ва Россия томонидан қўллаб-қувватланган айирмачилар аллақачон эгаллаб олган ерларни ҳам ҳисобга қўшган ҳолда, 2014 йилдан бери Украина Россияга бой берган умумий ерлар тахминан 18 фоизни ташкил этади.
2014 йилда Россия қўшинлари Украинадан Қримни ноқонуний равишда аннексия қилди. Ўша йилнинг охирида Россия ҳомийлигидаги айирмачилар Донбасс минтақасининг бир қисмини назорат остига олди, бу “ўлжалар” бугунги кунгача Россия қўлида қолмоқда.
Россия 2022 йил 24 февралда кенг кўламли босқинни бошлаганида, Россия президенти Владимир Путин бир неча кун ичида бутун Украинани эгаллаб олишни кутган эди, деб ёзади Урушларни ўрганиш институти. Бунинг ўрнига, Украинанинг Ғарб иттифоқчиларидан ёрдам траншларига таяниб қуролланган қарши ҳужумлари уч йиллик шиддатли жанглар занжирига уланиб кетди.
Украинанинг энг катта ёрдам манбаси тўхтатилди
Қўшма Штатлар 2022 йилда уруш бошланганидан бери Украина учун энг йирик ягона молиялаштирувчи бўлиб, тахминан 95 миллиард долларлик ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатди. Ҳозирда Трамп ҳукумати бу ёрдамни тўхтатишни истайди.
Украинадаги урушни тезроқ тугатишга ваъда берган Трамп 2024 йилги сайловолди кампанияси давомида АҚШ маблағларининг Украинага юборилишига танқидий муносабат билдирди. Сўнгги пайтларда у ёрдам кўрсатиш учун транзаксион ёндашувни таклиф қилиб, бунинг эвазига АҚШ камёб ерости қазилмаларига эга бўлиши кераклигини айтди, аммо Украина президенти Володимир Зеленский буни рад этди.
"Мен уларга 500 миллиард долларлик ноёб ер металлари каби эквивалентни хоҳлашимни айтдим ва улар аслида бунга рози бўлишди, шунда ҳеч бўлмаганда ўзимизни аҳмоқ ҳис қилмаймиз. Бўлмаса, биз чиндан аҳмоқмиз. Мен уларга нимадир олишимиз кераклигини айтдим. Биз бу пулларни тўлашда давом эта олмаймиз", - деди Трамп шу ой бошида Fox News телеканалига.
Украинага яқинда USAID фаолияти тўхтатилгани аллақачон таъсир кўрсатган. Молиялаштиришнинг музлатилиши Украина нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хайрия ташкилотларини қисқартиришга, жумладан, ходимларни ишдан бўшатишга, ўз жонига қасд қилмоқчилар учун ишонч телефонлари ва ОИВни аниқлаш лойиҳаларини вақтинча тўхтатишга мажбур қилди. Сўнгги уч йил ичида Украина USAID маблағларининг энг кўп олувчиси бўлди.
Миллионлаб украиналиклар кўчирилди
Россия ерларни эгаллаб олишни бошлаганидан бери ва босқиндан кейин миллионлаб украиналиклар ўз уйларини ташлаб, Украинанинг бошқа қисмларига ёки хорижий мамлакатларга қочиб кетишга мажбур бўлди.
БМТнинг қочқинлар агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил охирига келиб Европада 6,3 миллиондан ортиқ украиналик қочқин, жумладан, Германияда 1,2 миллионга яқин, Польшада 1 миллионга яқин ва Чехияда 390 минг киши истиқомат қилмоқда.
БМТнинг 2024 йил июнь ойидаги сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, Россия Федерациясида 1,2 миллион украиналик қочқин мавжуд.
Минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлди
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича идорасининг маълумотига кўра, Украинадаги можарода 40 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки жароҳат олган, уларнинг кўпчилиги портловчи қуроллар туфайли жон берган.
Ҳалок бўлганларнинг камида ярми (6203 нафари) вояга етган эркаклар бўлиб, 669 нафари болалар эди. Умумий расмий ўлим миқдори эса 13 февраль санаси бўйича 148 359 кишини ташкил этмоқда.
Россия ва Украинага урушнинг иқтисодий таъсири
Путиннинг Украинадаги уруши глобал иқтисодий фалокатга олиб келиши бошиданоқ маълум эди. Чегаранинг ҳар икки томонида эълон қилинган инфляция кўрсаткичлари можаронинг иккала қўшни давлат фуқароларига ҳам давом этаётган таъсирини кўрсатди – Россияда нархлар 9,5 фоизга, Украинада эса 12 фоизга кўтарилди.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, уруш бошланишида Россиянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) -1,3 фоизгача пасайган, аммо кейинги икки йил давомида ҳар йили 3,6 фоизга ўсган. Бироқ ҳозирда Россия иқтисодиёти совий бошлаётганининг дастлабки белгилари кўзга ташланмоқда: юқори фоиз ставкалари ва инфляция туфайли турли соҳаларда сотувлар ва буюртмалар камаймоқда.
Айни пайтда, Украина мустақил давлат сифатида урушга яхшироқ бардош бермоқда. Унинг ялпи ички маҳсулоти 2022 йил ёзига келиб 36 фоизга пасайган бўлса-да, 2023 йилда 5,3 фоизга ва 2024 йилда 3 фоизга ўсди. Бироқ, Украина Иқтисодиёт вазирлигининг башоратига кўра, бу йил ЯИМ ўсиши 2,7 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Бу кўпчилик украиналик таҳлилчилар ва иқтисодчилар кутаётган 3-4 фоизлик кўрсаткичдан пастдир.
Уруш тўхташи мумкинми?
Маълумотларга кўра, ҳозирда Украина Россиянинг Курск вилоятида бироз ютуқларга эришган бўлса-да, умумий вазият ҳамон Москва фойдасига оғмоқда.
Ресурслар тугаб бораётган, чарчоқ бошланган ва Трамп Оқ уйни эгаллаган бир пайтда можарони ҳал қилиш муқаррар кўринмоқда. Бу эса иккала томондан янада шиддатли ва тажовузкор ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Россия-Украина урушининг келажак йўналиши ҳамон ноаниқ ва бу ҳарбий ривожланиш, дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳамда глобал сиёсий вазият каби бир қатор омилларга боғлиқ.
Можарони тинч йўл билан ҳал қилиш энг мақбул натижа бўлса-да, бу ҳар икки томондан муросага келишни, шунингдек, кучли халқаро иштирокни талаб қилади.