20.11.2024 07:38
Россия президенти Ҳиндистонга боради
Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистонга ташриф буюради. Кремль яқин орада ташриф вақтини келишиб олишга умид қилмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистонга ташриф буюради. Бу ҳақда президент матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Путин Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашади. Песковнинг сўзларига кўра, сафар “тез орада, жуда тез орада” бўлиб ўтади.
“Ҳиндистонлик дўстларимиз билан келишилган ҳолда, бироздан кейин бу ташриф ҳақида расман эълон қиламиз, мен сизга ташриф якуний тайёргарлик босқичида эканлигини яна бир бор тасдиқлашим мумкин”, — деди Песков.
Кремль яқин орада ташриф вақтини келишиб олишга умид қилмоқда, деб ёзади «ТАСС».
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон бош вазири Россия президенти билан Қозон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Россия раҳбарини келгуси йили Россия-Ҳиндистон йиллик саммитида иштирок этиш учун Ҳиндистонга таклиф қилган эди.
Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистонга охирги марта 2021 йил 6 декабрда ташриф буюрган ва бош вазир Нарендра Моди билан Нью-Деҳлидаги 21-Ҳиндистон-Россия йиллик саммитида қатнашган эди.