20.12.2023 12:28

Қувайтнинг янги амири шайх Мишал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ қасамёд келтирди

Қувайтнинг янги раҳбари шайх Машал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Миллий Мажлисда қасамёд қабул қилиб, расман ўз лавозимига киришди. Бу ҳақда Қувайтнинг расмий агентлиги KUNA хабар қилди.

Амирликлар кенгаши вазири Шайх Муҳаммад ал-Абдуллоҳ ал-Муборак ас-Сабоҳ 16 декабрь куни Қувайт амири шайх Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ вафот этганини маълум қилган эди.

Шу куни Қувайт Вазирлар Кенгаши валиаҳд шаҳзода Шайх Мишал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ мамлакатнинг янги амири бўлганини эълон қилди. У мамлакатнинг 17-амири бўлди.

Қувайтнинг янги амири Шайх Мишал 1940 йил 27 сентябрда туғилган. У собиқ амир Шайх Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг 7-ўғли ҳисобланади.

Бошланғич таълимни Қувайтнинг пойтахти Муборакие мактабида олганидан сўнг, 1960 йили Англиядаги Ҳинден полиция коллежида ўқишни тамомлаган.

Ички ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган Шайх Мишал 1967-1980 йилларда полковник унвони билан Давлат хавфсизлик муассасаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

У 2004 йил 13 январда Миллий гвардия бошлиғининг ўринбосари лавозимида тайинланган ва валиаҳд шаҳзода бўлгунга қадар ишлаган. Амир Наваф томонидан 2021 йил 15 ноябрда чиқарилган қарор билан Шайх Мишал валиаҳд шаҳзода этиб тайинланди.

Қувайт амири Шайх Мишалнинг 12 нафар фарзанди – 5 ўғил, 7 қизи бор.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.