09.07.2025 07:30
59

Қуёшнинг "яширин юзи" очилди

Инсоният тарихида биринчи марта Европа фазо агентлиги (ESA) Қуёшнинг жанубий қутбига оид суратларни жамоатчиликка тақдим этди. Ушбу тасвирлар ҳатто олимларни ҳам ҳайратга солган.

Суратлар Solar Orbiter – фазовий аппаратдаги учта турли қурилма ёрдамида, қуёшдан тахминан 64 миллион километр узоқ масофадан олинган. Улар Қуёшнинг фаоллиги энг юқори бўлган даврда туширилгани айтилмоқда.

2025 йил февраль ойида Solar Orbiter Венеранинг гравитация ёрдамида орбитасини буриб, Қуёшга 17 даража пастдан назар ташлаш имкониятига эга бўлди. Келгуси йилларда амалга ошириладиган янада мураккаб Венера манёврлари орқали бу бурчак 30 даражадан ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Қуёш қутблари бундан ҳам аниқроқ кузатилади.

Қуёш қутбларини ўрганишга масъул жамоа раҳбари, профессор Сами Соланкининг айтишича, бу ҳали ҳаммасси эмас. Энг муҳим маълумотлар ҳали олдинда турибди. Аппарат аввал жанубий қутбни, сўнгра шимолий қутбни кузатган. Шимолий қутбга оид маълумотлар келгуси ҳафталарда етиб келади.

Маълумот учун, Қуёш – тахминан 865 минг мил диаметрига эга, қайноқ газлардан иборат улкан шардир. У айланиши натижасида кучли магнит майдони ҳосил қилади. Бу майдон ҳар 11 йилда бир маротаба қутблар орасида ўзаро алмашади — бу жараён "Қуёш цикллари" деб номланади. Цикл давомида Қуёш юзасида "қуёш доғлари" деб аталадиган қора ва совуқроқ нуқталар пайдо бўлади. Бу доғлар сони цикл ривожланган сари ортади ва кейин яна камаяди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Solar Orbiter тўплаётган маълумотлар Қуёш цикллари бўйича олиб борилаётган тадқиқотларга жуда катта ҳисса қўшади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.