04.02.2025 08:05

Путин ва Трамп учрашуви Саудия Арабистони ёки БААда ўтиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида эҳтимолий учрашув ўтказиш жойи сифатида Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, сўнгги ҳафталарда россиялик юқори мартабали амалдорлар Саудия Арабистони ва БААга ташриф буюрган. Учрашув ўтказилиши мумкин бўлган ушбу икки давлат Халқаро жиноий суд аъзоси эмас, яъни улар Путинни ҳибсга олиш бўйича ордер талабларини бажариш мажбуриятига эга эмас.

Шу билан бирга, Россияда ушбу ғояга ҳали ҳам бироз қаршилик мавжуд, чунки Саудия Арабистони ва БАА АҚШ билан яқин ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларига эга.

Бундан ташқари, Россия расмийлари НАТО аъзоси бўлган Туркияни эҳтимолий учрашув жойи сифатида рад этган. Туркия 2022 йил март ойида Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларини ўтказган, аммо улар самара бермаган эди.

Трамп ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон яқин алоқаларга эга. Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганидан кейин у билан қўнғироқ қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган. Шунингдек, Путин ҳам 2023 йилда Саудия Арабистони ва БААга ташриф буюриб, Саудия раҳбариятига АҚШ ва Россия ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви жараёнида кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган.

Икки давлат Украина можаросида бетараф позицияни сақлаб, Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган. БАА Россия ва Украина ўртасида асирларни айирбошлаш жараёнида воситачи сифатида иштирок этган ва Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам мунтазам мулоқот олиб борган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.