12.03.2025 09:30

Покистонда йўловчи поездига қуролли ҳужум қилинди: 500 га яқин киши гаровда

Покистоннинг жанубий ғарбида жойлашган Балужистон вилоятида тахминан 500 нафар йўловчини ташиган поездга қуролли ҳужум уюштирилди.

Балужистон ҳукумати матбуот котиби Шоҳид Ринднинг маълум қилишича, Кветтадан Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Пешовар шаҳрига йўл олган поезд жангарилар томонидан ҳужумга учраган. Ҳудудга хавфсизлик кучлари юборилган бўлиб, вазият назорат остига олинган.

Темир йўл назоратчиси Муҳаммад Кашифнинг тасдиқлашича, жангарилар поездни Кветтадаги 8-туннелда тўхтатган. Ҳозирда тахминан 500 нафар йўловчи ва поезд ходимлари билан боғланиш учун чоралар кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Васим Баигнинг маълумотига кўра, Сиби шаҳридаги шифохонада фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва воқеа жойига тез ёрдам машиналари юборилган.

Балужистон Озодлик Армияси (BLA) ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, камида 100 нафар йўловчи гаровга олинган.

Воқеа содир бўлган ҳудуд тоғли бўлиб, бу гумондорларга пана топиш ва ҳужумни режалаштиришда қулайлик яратган. Ҳужум натижасида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бўлиши мумкин.

Покистон расмийлари ҳужумни BLA амалга оширганини тасдиқлади

Хавфсизлик хизматларининг уч нафар вакили Associated Press (AP) агентлигига номларини ошкор этмаслик шарти билан маълум қилишича, BLA жангарилари поездга туннелда засада қўйиб, аёллар ва болаларни "тирик қалқон" сифатида ишлатган.

Покистон ички ишлар вазири Моҳсен Наки ҳужумни қоралаб, "Бегуноҳ йўловчиларга ўқ узган махлуқлар ҳеч қандай имтиёзларга лойиқ эмас", деди.

Покистон армияси манбалари: ҳужумчилар ўраб олинган

Покистон армияси манбалари журналистларга берган маълумотида буни "террорчилик ҳужуми" деб атади. Уларнинг айтишича, хавфсизлик кучлари ҳужумчиларни ўраб олган, террорчилар билан тўқнашувлар давом этмоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, операция жуда эҳтиёткорлик билан олиб борилмоқда, чунки ҳужумчилар аёллар ва болаларни тирик қалқон сифатида ишлатмоқда. Хавфсизлик кучлари сўнгги террорчи йўқ қилинмагунча операцияни давом эттиришини маълум қилди.

Жамоатчиликка ишончли манбалар томонидан берилган маълумотларга таяниш, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган асоссиз ва сохта маълумотларга ишонмаслик тавсия этилди.

Покистонда терроризм муаммоси

Сўнгги вақтларда Покистонда, айниқса, Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва ва Балужистон вилоятларида қуролли ҳужумлар кўпайди.

Бу икки вилоятда пуштун ва балуж каби этник гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишини даъво қилувчи қуролли гуруҳлар Покистон хавфсизлик кучлари ва фуқароларга ҳужумлар уюштирмоқда.

Исломободнинг таъкидлашича, Покистон Толибон ҳаракати (TTP) Афғонистонда жойлашган ва ҳужумларини ўша ердан ташкил этмоқда. Афғонистон ҳукумати бу даъволарни рад этмоқда.

Балужистонда эса Балужистон Озодлик Армияси (BLA) ҳужумлари кўп учрамоқда. BLA Балужистон вилоятининг Покистондан ажралиб чиқишини ва балуж халқининг ушбу ҳудудда ҳукмрон бўлишини истайди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.