29.11.2024 12:46
Патриарх Кирилл: “Муҳожирлар рус дунёси учун таҳдиддир”
Рус православ черкови раҳбари патриарх Кирилл Россия туб аҳолисини муҳожирлар билан аралаштириш муаммоси ҳақида гапириб, бу борада сукут сақлаш "рус дунёси учун таҳдид" эканини таъкидлади, шунингдек, у "баъзи мусулмон етакчиларни" танқид қилди.
"Баъзи минтақавий ҳокимиятлар томонидан гўёки ижтимоий кескинликни камайтириш учун танланган сукунат позицияси аксинча, ижтимоий норозиликка олиб келади ва рус дунёси учун жиддий таҳдиддир", деди Москва ва Бутун Рус патриархи.
Патриарх Россиядаги муҳожирлар “бошқа цивилизация коди ва бошқа тарихий тажриба ташувчилари” ҳисобланиши, улар “қадриятларининг ядросида православлик ётган рус дунёси” учун таҳдид эканлигини таъкидлади.
“Яна бир бор таъкидлайман: туб аҳолининг муҳожирлар, бошқа цивилизация коди ва бошқа тарихий тажрибага эга бўлганлар билан номутаносиб равишда аралаштирилиши мамлакатимизда жиддий маданий номутаносибликни келтириб чиқариши мумкин ва бу, ўз навбатида, қадриятлари ядросида православлик ётган рус дунёси учун хавф туғдириши аниқ", - деди руҳоний.
Патриарх Кирилл "баъзи мусулмон етакчилар"ни муҳожирлар ҳақидаги позициясини рад этганликлари учун танқид қилди. Рус православ черкови раҳбари кимлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади, лекин уларни “рус черковига унчалик дўстона муносабатда эмас”, деб атади.
Шуниси эътиборга лойиқки, Рус православ черкови раҳбарининг миграция масаласига изоҳи Рим-католик черкови епископи Рим папаси Францискнинг ушбу масала бўйича позициясидан кескин фарқ қилади.
Сентябрь ойида понтифик муҳожирларни депортация қилиш насронийликда «оғир» гуноҳ эканлигини айтган, Инжилдаги етимлар, бевалар ва чет элликлар жамиятга ғамхўрлик қилиши керак бўлган уч тоифа одамлар сифатида кўрсатилган парчаларни келтирганди.