17.01.2025 10:05
Оташкесим эълон қилинганидан бери Ғазода 77 фаластинлик ҳалок бўлди
Исроил ва ҲАМАС ўртасида оташкесим эълон қилинишига қарамай, Ғазо секторида қурбонлар сони ортишда давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 21 нафари бола, 25 нафари аёл бўлган 77 фаластинлик ҳаётдан кўз юмди.
Ғазо фуқаролик мудофаа идорасининг баёнотига кўра, ҳужумлар натижасида 250 нафардан ортиқ киши яраланган. Қурбонларнинг 66 нафари Ғазо шаҳрида, 7 нафари Хон Юнусда, қолган 4 нафари секторнинг марказий қисмларида ҳалок бўлган.
Қатарнинг воситачилигида 15 январь куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашиш шартномасига эришилди.
Келишувга кўра, 19 январь куни оташкесим амалга киритилади. Биринчи босқичда 42 кун мобайнида 33 исроиллик маҳбус озод этилади.
Шунингдек, келишув Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини тўлиқ етказиш ва кўчирилган фаластинликларни ўз уйларига қайтаришни ўз ичига олади.
Келишувнинг иккинчи ва учинчи босқичлари бўйича тафсилотлар кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.