03.02.2025 12:14
367

Нетаняху Ғазодаги вазиятни муҳокама қилиш учун Вашингтонга келди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху АҚШ президенти Доналд Трампнинг таклифига биноан Вашингтонга келди. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақа сиёсати бўйича муҳим музокаралар олиб бориш мақсадида амалга оширилмоқда.

Нетаняхунинг Вашингтонга ташрифини Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Денни Данон қутлаб, у Мериленд штатидаги Эндрю авиабазасида Нетаняху билан бирга расмга тушди. Данон бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги иттифоқни янада мустаҳкамлашга ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилганини таъкидлади.

Сешанба куни Нетаняху Оқ уйда Президент Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткофф билан учрашади. Шунингдек, Трамп билан шахсан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Учрашувнинг асосий мавзулари Ғазодаги вазият, маҳбуслар масаласи ва Эроннинг минтақадаги таъсири бўлиши кутилмоқда. Нетаняху ташрифидан олдин ҲАМАС ва Ҳизбуллоҳга қарши операциялар Исроилга Яқин Шарқдаги сиёсатни ўзгартириш имконини яратганини таъкидлади.

“Бироқ, президент Трамп билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, биз Яқин Шарқ харитасини қайта чизишимиз мумкинлигига ишонаман”, — дея қўшимча қилди у.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.