03.08.2024 08:29

Нега Ҳамаснинг ҳақиқий етакчисини ўлдириш имконсиз?

Уруш, бу – уруш... Исмоил Ҳаниянинг ўлими ҲАМАСнинг янги раҳбари масаласини кўтарди. Олдинги икки етакчи, жумладан, асосчиси Шайх Аҳмад Ёсин вафот этди, бири деярли мўъжизавий тарзда тирик қолди. Ҳаракатнинг истиқболларини тушуниш учун нималарни билиш керак.

Шайх Аҳмад Ёсин

ҲАМАСнинг руҳий раҳбари ва асосчиларидан бири 1955 йилда Мусулмон биродарлар сафига қўшилган. Ушбу халқаро ташкилотнинг Фаластин бўлимидан 1980-йиллар охиридаги Биринчи Интифада даврида Ғазо секторида Исроилга қарши курашаётган Исломий Қаршилик Ҳаракати – ҲАМАС пайдо бўлди.

Ёсин илк бор Исроил ҳукумати томонидан 1984 йилда ҳибсга олинган. У давлатга қарши фаолият ва қурол сақлагани учун 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ бир йил ўтгач, у "Жибрил битими" деб аталган келишув натижасида озод қилинди.

1982 йилги Ливан урушида асирга олинган уч исроиллик аскар 1150 нафар қамоққа олинган фаластинликларга алмаштирилди.

1989 йилда кўриш қобилиятининг ярмини йўқотган шайх яна ҳибсга олинди. У Исроилга қарши қўпорувчилик учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Унинг иккинчи озодлик тарихи биринчисидан кам афсонавий эмас. 1997 йилда Исроил разведка хизматлари Иорданияда ҲАМАС етакчиларидан бири ва унинг мамлакатдаги бюроси раҳбари Холид Машъални йўқ қилиш бўйича махфий операцияни бошлади. Ғоя барбод бўлди ва агентлар ҳибсга олинди.

Можарони ҳал қилиш учун исроилликлар Ёсинни озод қилишга мажбур бўлишди. Шайх Иорданияга депортация қилинди ва у ердан Фаластин маъмурияти ҳудудига жўнади - у ўзи туғилган ва кўп йилларини ўтказган Ғазога қайтиб келди.

 

Шайх Аҳмад Ёсин / Фото: Cool-Readers

Исроил 6 йилдан кейин яна Ёсинни ўлдирмоқчи бўлди. 2003 йилнинг ёзида ҲАМАС етакчиларига қарши операция ўтказилди. Бироқ бу ҳужумда ҳам шайх тирик қолди.

Ёсин 2004 йилнинг 22 мартида Ғазо секторида масжиддан ногиронлар аравачасида чиқиб кетаётганида ўлдирилди. Исроил вертолётидан учирилган ракета натижасида. Операцияни шахсан бош вазир Ариел Шарон назорат қилиб, хавфсизлик кучларини муваффақият билан табриклади. ҲАМАС етакчиси билан уч киши ҳужум қурбони бўлди, ўн киши жароҳат олди.

 Абд ал-Азиз ал-Рантиси

Шайхнинг ҲАМАС етакчиси сифатидаги вориси Абд ал-Азиз ар-Рантий эди. Бундан олдин у ҳаракатнинг сиёсий қаноти нуфузли аъзоси (норасмий равишда, шунингдек, жангчи) эди. У қаршилик мафкурачиси ҳисобланган, Аҳмад Ёсин унга жиддий қулоқ солган. 

Абд ал-Азиз ал-Рантиси / Фото: AP

Унинг ҳаётига илк суиқасд 2003 йилнинг 10 июнида - ҲАМАС раҳбари бўлишидан олдин содир бўлган. Унинг машинасига Исроил вертолёти ҳужум қилди, натижада қўриқчиси ва 1 нафар йўловчи ҳалок бўлди, бироқ Рантининг ўзи тирик қолди.

2004 йил 27 март куни Ёсин вафотидан сўнг фаластинликларга мурожаат қилган сиёсатчи Аллоҳ фаластинликларга Исроилга қарши курашда ёрдам бераётганини, АҚШ эса уни қўллаб-қувватлаётганини айтиб, халқни нима бўлишидан қатъи назар, жиҳодга чақирди. “Биз ҳаммамиз ўлимга лойиқмиз. Биримиз юрак хуружидан, иккинчисимиз исроиллик апачи томонидан отилган ракетадан”, — дея таъкидлади у.

Рантиси 2004 йилнинг 17 апрелида Ғазода Исроил қуролли кучларининг махсус операцияси чоғида ўлдирилди - у ҲАМАС етакчиси лавозимида бир ой ҳам ишламаганди.

Унинг тўнғич ўғли ва қўриқчиси ҳам Исроил вертолётининг ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Аҳмад Ёсиннинг вориси оғир яраланиб, шифохонада вафот этган.

Шарон Шайх Аҳмад Ёсин ўлдирилганидан кейин айтган сўзларини такрорлади: “Террорчилар етакчиларини йўқ қилиш давом этади”.

Омон қолган Холид Машал

Холид Машал 15 ёшида “Мусулмон биродарлар”га қўшилган. 1996 йилдан ҲАМАС Сиёсий бюросини бошқарган, бироқ ўшанда ҳаракат етакчиси ҳисобланмаган. Рантисининг ўлдирилишидан кейин аҳамияти ортган ушбу лавозимда Машал 1995 йилда АҚШга ташрифи чоғида ҳибсга олинган (1997 йилда озод қилинган ва шу вақтдан бери АҚШдаги сиёсий қаноти раҳбариятининг бир қисми бўлган) Мусо Абу Марзузнинг ўрнини эгаллади.

Холид Машаль / Фото: IranPress

Холид Машал номи бутун дунёга илк бор унинг ҳаётига муваффақиятсиз суиқасд қилинганидан ва натижада Шайх Ёсин озод этилганидан кейин маълум бўлган. Операция бош вазир Беньямин Нетаняху бошчилигидаги Исроил ҳукумати рухсати билан амалга оширилди.

1997 йил 25 сентябрда Моссад агентлари Амман кўчаларидан бирида Иорданиядаги ҲАМАС бўлими раҳбарининг қулоғига заҳар қуйишди, аммо сиёсатчининг тансоқчилари томонидан қўлга олинди. Уни қутқаришда қирол Ҳусайн иштирок этди. Унинг илтимосига кўра, Исроил антидот берди ва 19 нафар фаластинлик маҳбусни, жумладан, ҳаракатнинг руҳий раҳбарини ҳам қамоқдан озод қилди. Бунинг эвазига сохта Канада паспортлари ёрдамида Иорданияга кирган қотиллар жазодан озод қилиниб, ўз ватанларига қўйиб юборилди.

Айни пайтда, орадан икки йил ўтиб, янги қирол Абдулла II томонидан мамлакатдаги ҲАМАС фаолияти тақиқланди.

Рантиси ўлдирилганидан кейин Машал ҳаракат етакчиларининг исмларини ошкор қилмасликни буюрди. Исроил уларни йўқ қилишга ҳаракат қилишда давом этиши аниқ эди.

Бошқача айтганда, Тел-Авив ҲАМАСни йўқ қилиш учун кенг кўламли уруш олиб бормоқда. Ушбу стратегия ҳалигача тўхтагани йўқ. Ташкилотнинг ҳар қандай аъзоси, айниқса, расмий раҳбари ўзининг жазога тортилганини яхши тушунади, шунга яраша яшайди ва ҳаракат қилади.

Улар учун ўлим таҳдиди вақт ва шароит масаласидир. Урушда бўлгани каби ...

Исмоил Ҳания

Исмоил Ҳания ҲАМАС асосчиларидан бири саналади. У Шайх Ёсиннинг шахсий котиби бўлиб, барча ташкилий ишларни амалга оширган. 2006-2007 йилларда Фаластин миллий маъмурияти ҳукуматини бошқарган. Ҳания парламент сайловларида ғалаба қозонган "Ўзгаришлар ва ислоҳотлар" рўйхатини шахсан бошқарган.

2017 йилда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари лавозимини эгаллаган. Кейинги йили АҚШ Давлат департаменти уни глобал террорчи сифатида эълон қилди.

2003 йилда Ҳания Исроил ҳаво ҳужумида яраланган. 2006 йил 20 октябрда ҳам суиқасддан омон қолди. Ўшанда унинг кортежи Ғазо секторида ўққа тутилганди. Ҳодисада ўша пайтларда ҲАМАС билан кескин қарама-қаршиликда бўлган Фатҳ ҳаракати жангарилари айбланганди.

Сиёсатчи икки марта – 1980 ва 1990 йилларда Исроил қамоқхоналарида жазо ўтаган.

Унинг ўлими тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас, бу борада кўплаб миш-мишлар, тахминлар ва фитна назариялари тарқалмоқда. У вафот этган куни, 2024 йилнинг 31 июлида бинога ракета билан ҳужум қилингани ҳақида илк бор хабар берилган эди. Кейинроқ бу бошқариладиган бомба эканлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди. 

Исмоил Ҳания / Фото: FairySoft

“Ҳания Теҳронда сионистлар томонидан содир этилган портлашда ҳалок бўлди”, — дейилади ҲАМАС баёнотида.

Сиёсатчи WhatsApp хабари орқали сиздирилган жосуслик дастури (масалан, машҳур ва шов-шувли Pegasus) ёрдамида кузатилган бўлиши мумкин эди, дея таъкидлади машҳур араб журналисти Элайжа Манье.

Айни пайтда, The New York Times томонидан олиб борилган суриштирувларга кўра, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўз хонасига келгани аниқланиши биланоқ портловчи қурилманинг портлаши оқибатида ҳалок бўлган.

Бомба тахминан 2 ой олдин яширинча ўрнатилган. Меҳмонхонанинг ўзи Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан бошқарилади ва қўриқланади, Теҳрон шимолида эксклюзив ҳудуддаги Нешат номи билан машҳур бўлган катта мажмуанинг бир қисмидир.

Шу йилнинг 10 апрелида Исроил ҳарбийлари ва разведка хизматларининг қўшма амалиёти натижасида Ғазо секторига уюштирилган зарбада ичида ҲАМАС етакчисининг уч ўғли ва тўрт набираси бўлган автомобиль йўқ қилинди. Рамазон ҳайити байрамида эса Ҳаниянинг яна бир невараси зарба натижасида жароҳат олиб, кейинчалик касалхонада вафот этди.

Яна Машал?

ОАВнинг ёзишича, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари лавозимига сўнгги йилларда хориждаги ҳаракат етакчиларидан бири бўлиб қолган Холид Машал яна келади. Айнан у Ғазодаги гаровга олинганлар ва маҳбуслар билан келишув бўйича Исроил билан билвосита алоқада бўлган музокарачиларни бошқарган.

Машалнинг Эрон билан алоқалари унинг Сурия режими раҳбари Башар ал-Ассадга қарши қўзғолонни қўллаб-қувватлагани учун таранглашгани тахмин қилинмоқда. 2012 йилнинг февралида у Дамашқни тарк этиб, Қатарга кўчиб ўтди. Айни дамда, минтақа мутахассислари, бу масала ҳозирда долзарб эмаслигини таъкидламоқда.

ҲАМАС – Қаршилик ғояси

Аслида, Сиёсий бюрога ким раҳбар этиб тайинлангани унчалик муҳим эмас. Ушбу лавозим, ҲАМАСдаги барча давлат лавозимлари каби, вакиллик (элчилик – таҳр), холос. Ташкилотни ким бошқараётгани сир сақланади ва аниқ маълум эмас (ҳеч бўлмаганда очиқ манбалардан). 2000-йилларнинг ўрталарида «Машал» айнан шундай тартибни жорий қилган эди.

Бир вақтлар унинг асосчиларидан бири Маҳмуд ал-Заҳар ХАМАСнинг ҳақиқий раҳбари ҳисобланган. Унинг тўнғич ўғли 2003 йилда Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг сиёсатчига муваффақиятсиз суиқасд уюштириши чоғида, яна бири 2008 йил январида Ғазода босқинчилар билан жангларда ҳалок бўлган. Унинг ўзи бир неча бор Исроил қамоқхонасига ташриф буюрган.

Маҳмуд аз-Заҳар / Фото: GettyImages

Ҳаракатга кенгаш раҳбарлик қилиши мумкин. Бу ерда ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти ҳар доим катта автономияга эга бўлганини ҳисобга олиш керак. Чет элдаги идоралари Исроил разведка хизматлари томонидан аниқланиш хавфи туфайли Ғазо маъмурияти билан доимо яқин алоқада бўла олмайди. Бу ҳолат, айниқса, 2023 йил октябрь ойида секторга кенг миқёсли босқин бошланганидан кейин кучайган.

Бундан ташқари, ҲАМАС – биринчи навбатда, Исроил ишғолига қаршилик кўрсатиш ва уни Фаластин халқининг она юртидан ҳайдаб чиқариш, энг қуйи қатламлардаги юқори фаоллик ҳамда оғир шароитларда яшаб қолишга бўлган интилиш шарофати билан ҳар қандай зарбалардан сўнг қайтадан оёққа туришга далда берувчи ғоядир.

Бундай тартибда Фаластин масаласи бўйича фундаментал қарорлар қабул қилиш ва Фаластин давлатини яратиш истиқболлари бўлмаган тақдирда, ташкилот раҳбариятида кўпроқ рамзий вазифаларни бажарадиган одамларнинг ўзгариши бирор нарсани жиддий ўзгартириши даргумон. Бошқалар дарҳол баъзиларининг ўрнини эгаллашади. Ҳатто ҳаракатдаги Аҳмад Ёсин каби харизматик ва шубҳасиз нуфузли шахсларнинг ўлдирилиши ҳам Исроилга ўта ўнг электорат учун баланд овозли хабарлардан бошқа ҳеч нарса бермади - ҲАМАС йиллар давомида кучайиб борди.

Манба: Yeni Şafak

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.