20.01.2025 17:38
Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақоратлаган эронлик репер ўлимга ҳукм қилинди
Туркиядан депортация қилинган машҳур эронлик репер Таталу (Эмир Ҳусейин Мақсудлу) Эронда Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукум қилинди. Бироқ бу қарор ҳали якуний эмас, апелляция орқали қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Эроннинг Этемад газетаси ва The Guardian нашрига кўра, аввалроқ куфрликда айбланиб беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Таталуга нисбатан прокурор эътирози қабул қилинган. Янги суд муҳокамасида у пайғамбарни ҳақорат қилишда айбдор деб топилди ва ўлим жазоси тайинланди.
Таталу 2023 йил декабрь ойида Туркияда ҳибсга олиниб, Эронга депортация қилинган эди. У шундан бери Эронда ҳибсда сақланмоқда.
Реп, поп ва R&B жанрларини уйғунлаштирган ижодкор 2018 йилгача Эрондаги ёшлар орасида катта машҳурликка эришган. Айрим сиёсий давралар уни ёшларнинг ён-атрофига тортиш воситаси сифатида қўллаб-қувватлашган. Бироқ кейинчалик унинг қўшиқлари “беҳаё мазмун” тарғибида ва “давлатга қарши тарғибот”да айбланган. Шунингдек, у 10 йиллик қамоқ жазосига ҳам тортилган.
Таталу 2015 йилда Эрон ядро дастурини қўллаб-қувватловчи қўшиқ чиқарган. У, шунингдек, 2017 йилда собиқ президент Иброҳим Раиси билан бирга теледастурда иштирок этган эди.