17.12.2024 10:35

Москвадаги портлашда рус армияси генерали – кимёвий мудофаа қўшинлари бошлиғи ўлдирилди

17 декабрь куни тонгги соат 6:00 атрофида Москва шаҳрининг Нижгород районида кучли портлаш содир бўлди. Воқеа натижасида Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Иля П. ҳалок бўлди.


Гувоҳлар сўзларига кўра, портлаш генерал ва унинг ёрдамчиси уйдан чиқиб кетаётган вақтда юз берган. Терговчиларнинг дастлабки тахминига кўра, портловчи қурилма уй яқинида турган скутерга ўрнатилган бўлиши мумкин. Портлаш 200 грамм тротил эквивалентидаги кучга эга бўлиб, тўлқин уйнинг деразалари ва кириш эшигини вайрон қилган. Генералнинг хизмат машинаси ҳам жиддий шикастланган.


Россия тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатганини маълум қилди. Айни пайтда жойда терговчилар, суд-тиббиёт экспертлари ва хавфсизлик хизматлари иш олиб бормоқда. Москва прокуратураси мазкур ишни назоратга олган.


Кириллов ким эди?
54 ёшли Игор Кириллов 2017 йилдан буён Россия Қуролли кучларининг радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинларига раҳбарлик қилиб келган. У Тимошенко номидаги Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя ҳарбий академиясини тамомлаб, кейинчалик ушбу академияга раҳбар ҳам бўлган.

Украина ОАВ ва Хавфсизлик хизмати генерал Кирилловни ҳарбий жиноятларда айблаган. Украина терговига кўра, у Россия-Украина уруши давомида кимёвий қуроллардан фойдаланиш буйруғини шахсан берган. Украина томони Россия армиясини ушбу қуроллардан 4,8 минг мартадан ортиқ фойдаланганликда гумон қилмоқда.

Москвада юз берган портлаш Россия армиясидаги юқори мансабдор шахслар ўлими билан боғлиқ муҳим ҳодисалардан бири бўлиб, халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига қаратмоқда. Воқеа тафсилотлари ҳозирча тўлиқ аниқланмаган бўлса-да, бу ҳодиса ортидан хавфсизлик чоралари янада кучайтирилиши кутилмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.