11.10.2024 10:41

«Милтон» тўфони: 16 киши ҳалок бўлди, 3 миллион уй электрсиз қолди

Пайшанбага ўтар кечаси АҚШнинг Флорида штатининг ғарбий қирғоқларига урилган «Милтон» тўфони тезлиги 70 м/с гача кучайган шамол, шиддатли ёғингарчилик ва сув тошқинлари, шунингдек, кучли торнадоларни олиб келди. Қутқарувчилар тобора сув босган ва вайрон бўлган жойларни ўрганишни бошлагани сайин, қурбонлар сони тобора ортиб бормоқда.

CBS телекомпанияси пайшанба куни кечқурун Флорида ҳуқуқ-тартибот департаментига таяниб, қурбонлар сони 16 кишига етганини хабар қилди.

Бундан бир неча соат олдин турли манбалар ўлимлар сони бўйича турли хил маълумотларни тарқатишганди: 10 дан 12 гача.

Жумладан, Сент-Люсия округидаги оромгоҳда беш киши ҳалок бўлди. Санкт-Петербург шаҳри ҳокимияти икки кишининг ўлими ҳақида хабар берди. Қутқарувчилар қўшни туманда ўз уйи вайроналари остидан яна бир одамни топишди.

Флорида губернатори Рон ДеСантис тушдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотлар дастлабки эканлигини ва расмийларда табиий офат қурбони бўлган барча штат аҳолисининг умумий рўйхати ҳозирча йўқлигини таъкидлади.

Етказилган зарар миқдори ҳақида ҳозирча аниқ ҳисоб-китоблар йўқ, гарчи бу катта бўлиши аллақачон маълум бўлса-да. Зеро, довул йўлидаги турар-жой бинолари, черковлар, савдо ва офис бинолари катта зарар кўрди.

Санкт-Петербургда кучли шамол маҳаллий Олий бейсбол лигаси стадионининг томини қўпориб ташлади, маҳаллий газета жойлашган бино устига қурилиш крани қулаб тушган.

Сон-саноқсиз узилган электр узатиш линиялари туфайли Флорида штатидаги 3 миллионга яқин бинолар ҳали ҳам электр энергиясидан маҳрум, баъзи жамоалар ҳамон сувсиз қолмоқда.

Флориданинг ғарбий соҳилидаги Санкт-Петербургда 250 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларда сув таъминоти буткул йўқ.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.