24.01.2025 11:58
679
Microsoft ҳам Ғазодаги урушда Исроил армиясига ёрдам кўрсатди - The Guardian
The Guardian нашрига кўра, Microsoft компанияси Ғазо ҳужумлари давомида Исроил мудофаа кучларига (IDF) булутли ҳисоблаш ва сунъий интеллект технологиялари билан фаол ёрдам кўрсатган.
Исроил армияси Microsoft'нинг булутли хизматлари ва сунъий интеллект тизимларига 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлардан кейин янада кўпроқ ишона бошлади.
Ошкор қилинган ҳужжатларга кўра, компания Исроил мудофаа идораси билан муносабатларини чуқурлаштириб, минглаб соатлик техник ёрдамни ўз ичига олган камида 10 миллион долларлик шартномалар тузган.
Microsoft IDF'нинг маълумотларни сақлаш ва ҳисоблаш қувватларига бўлган талабини қондириш учун тезкор қадамлар қўйган.
Тергов The Guardian, 972 Magazine ва Local call нашрларининг ҳамкорлигида ўтказилган бўлиб, Drop Site News томонидан олинган ҳужжатларга ва Исроил мудофаа ва разведка идораларидаги манбалар билан интервьюларга асосланади.
Исроил армияси Ғазодаги ҳужумлар чоғида маълумотлар сақлаш ва ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш учун Американинг йирик технология компанияларига мурожаат қилган.
Бу, айниқса, IDF'нинг сунъий интеллект технологиялари ва булутли хизматлардан фойдаланишни кучайтиришига сабаб бўлган.