Дунё ёзувчилари Исроил ноширлари, адабий агентликлари ва “фаластинликларнинг ҳуқуқларини поймол қилишда иштирок этаётган” нашрлар билан ҳамкорлик қилмасликка ваъда беришди.

1000 дан ортиқ ёзувчи ва ноширлар “фаластинликларга қарши зулмга шерик ёки жим томошабин бўлиб турган” Исроил маданият марказларини бойкот қилишга ваъда берилган хатни имзолашди.

Мактубга имзо чеккан машҳур муаллифлар орасида Дўстлар билан суҳбатлар ва Оддий одамлар каби романлари билан танилган ирланд ёзувчиси Салли Руни; Пулицер мукофоти совриндори ливия-америкалик ёзувчи Ҳишам Матар; Пулицер мукофоти совриндори Вьет Тхань Нгуен; Букер мукофоти совриндори Арундҳати Рой; “Истаксиз фундаменталист” китоби муаллифи Моҳсин Ҳамид ва Букер мукофоти номзоди, айни пайтда Дубайда яшаётган Авни Доши бор.

Муаллифлар Исроил ноширлари, адабий агентликлари ёки “Фаластин ҳуқуқларини бузишда иштирок этувчи”, “камситувчи сиёсатга эга” ёки “Исроил ишғоли, апартеид ёки геноцидни оқлайдиган” нашрлар билан ҳамкорлик қилмасликка ваъда беришди.

“Фаластин халқининг халқаро ҳуқуқда мустаҳкамланган ажралмас ҳуқуқларини” ҳеч қачон ошкора тан олмаган институтлар ҳам бойкот қилинади, деб ёзмоқда Arab news.

Кампания ҳар йили бутун Фаластин шаҳарларида бепул оммавий тадбирларни ўтказадиган Фаластин адабиёти фестивали (шунингдек, PalFest номи билан ҳам танилган) томонидан ташкил этилган.

“Биз ушбу мактубни 21-асрнинг энг ахлоқий, сиёсий ва маданий инқирози билан юзлашаётган бир пайтда нашр этмоқдамиз”, дейилади мактубда, шунингдек, унда Исроил ўтган йилнинг октябрь ойидан бери “камида 43362” фаластинликни ўлдиргани таъкидланган.

Бундан ташқари, мактубда қайд этилишича, Исроил маданият марказлари “давлат билан бевосита ҳамкорлик қилиб, ўнлаб йиллар давомида миллионлаб фаластинликларнинг жабр-зулумга учраётганини яширишда муҳим роль ўйнаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда ёзувчи Салли Руни Исроил нашрларига ўзининг янги романини иброний тилига таржима қилишни тақиқлаган эди.

Ёзувчининг сўзларига кўра, у "ўзини апартеиддан узоқлаштирмайдиган ва Фаластин халқининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотида мустаҳкамланган ҳуқуқларини бузадиган" Исроил компанияси билан шартнома тузишни "тўғри деб ҳисобламайди".

 

Мавзуга алоқадор