20.12.2024 09:10
Марокашда Ливия бирлигини тиклаш музокаралари бошланди
Марокашнинг Буузника шаҳрида Ғарбий ва Шарқий Ливия қонун чиқарувчи органлари вакиллари ўртасида музокаралар бошланди. Бу учрашув Ливияда 2014 йилдан бери давом этиб келаётган сиёсий бўлинишга чек қўйиш ва мамлакатни бирлаштириш мақсадида ўтказилмоқда, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Муаммар Қаддафий режими ағдарилгандан кейин Ливия иккига бўлинган. Триполида Миллий келишув ҳукумати (МКҲ) жойлашган бўлиб, унга бош вазир Абдел Ҳамид Дбейба раҳбарлик қилади.
Бинғози ва нефт конлари эса маршал Халифа Хафтар бошчилигидаги кучлар назорати остида қолмоқда.
Мамлакатдаги сиёсий бўлиниш ва икки ҳукумат ўртасидаги ихтилофлар Ливиядаги давлат институтлари ишини фалаж қилган. Ҳукуматлар ўртасида нефт экспортидан тушадиган даромадларни бошқариш каби масалаларда келишмовчиликлар давом этмоқда.
Марокаш ташқи ишлар вазири Носир Боурита учрашув қатнашчиларини Ливия бирлигини сақлаб қолиш ва “адолатли сайловлар” ўтказиш учун ҳамкорликка чақирди. Унинг таъкидлашича, халқаро конференциялар ички мулоқотни тўлиқ ўрнига қўя олмайди.
Буузникадаги музокаралар Ливияда янги сиёсий келишувга эришиш ва сайловларни ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадини кўзламоқда.
Ливияда 2021 йил декабрида ўтказилиши режалаштирилган сайловлар бекор қилинганидан бери сиёсий инқироз янада чуқурлашган. Икки ҳукуматнинг келиша олмаслиги нафақат мамлакатнинг сиёсий бирлигини, балки унинг иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигини ҳам хавф остига қўймоқда.
Ливия бирлигини тиклашга қаратилган ушбу музокаралар мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун муҳим қадам бўлиши мумкин. Бироқ ички сиёсий ихтилофлар ва ташқи кучлар таъсири бу жараённи қийинлаштирмоқда.
Халқаро ҳамжамият, жумладан, Марокаш, Ливияда бирлашув жараёнига кўмаклашишга тайёрлигини билдирмоқда. Аммо мамлакат ичидаги келишмовчиликлар ўз таъсирини кўрсатмоқда.