23.01.2025 07:18
Малайзия бош вазири Хитой билан ҳудудий келишмовчиликларга изоҳ берди
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Давос Иқтисодий Форумида сўзга чиқиб, Жанубий Хитой денгизидаги чегара тортишувлари ҳақида изоҳ берди. У Хитой билан ҳудудий келишмовчиликларга қарамасдан, яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.
"Биз музокаралар орқали можароларни ҳал қиламиз ва иқтисодий ҳамкорликни давом эттирамиз", — деди Анвар Иброҳим.
Шунингдек, у АҚШ билан мустаҳкам алоқаларни сақлаган ҳолда Хитой билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини қайд этди.
Жанубий Хитой денгизида Пекиннинг даъволари туфайли Малайзия, Ветнам, Филиппин ва Бруней билан чегара тортишувлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Малайзия ва Хитой ўртасидаги ҳудудий келишмовчиликлар асосан Жанубий Хитой денгизидаги Парасель ороллари (Сиша) ва Спратли архипелагига (Наньша) эгалик қилиш масаласи билан боғлиқ. Бу ҳудудларга, шунингдек, Бруней, Вьетнам ва Филиппин ҳам даъво қилади. Низоларнинг асосий сабаби Малакка бўғози яқинидаги ҳудуд устидан назорат ўрнатишга бўлган интилишлардир, чунки бу ердан Хитой савдосининг 60% ва углеводородлар импортининг 80% ўтади.