13.05.2025 06:16
146

Ливия пойтахтида қуролли тўқнашувлар қайта жойланди: уларни қайси давлатлар дастакламоқда?

Ливия пойтахти Триполида 12 май куни кучли қуролли тўқнашувлар содир бўлди.
Бу тўқнашувлар турли қуролли гуруҳлар ўртасида юзага келиб, шаҳарнинг Эбу Салим, Айн Зара ва Салаҳаддин каби туманларига тарқалди. Тўқнашувлар натижасида бир неча киши яралангани хабар қилинди.

Ливия Ички ишлар вазирлиги барча фуқароларни уйларида қолиш ва хавфсизликлари учун кўчаларга чиқмасликка чақирди. Триполидаги Митига халқаро аэропортидаги рейслар вақтинча Мисрата аэропортига йўналтирилди, мактаблар ва университетлар фаолияти тўхтатилди.

БМТнинг Ливияни қўллаб-қувватлаш миссияси (UNSMIL) вазиятни яқиндан кузатиб бораётганини ва барча томонларни тинчлик ва мулоқотга чақирганини маълум қилди.

Тўқнашувлар айниқса «Барқарорликни қўллаб-қувватлаш бўлими» деб аталувчи тузилма раҳбари Абдулғани Киклининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг янада кучайди. Бу воқеалар шаҳардаги хавфсизлик вазиятини янада мураккаблаштирди.

Ливия Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча шифохоналар ва тиббиёт марказларини олий даражадаги тайёргарлик ҳолатига ўтказишни буюрди.

Ливия ҳукумати Абу Салим туманида назорат тикланганини эълон қилди. Мудофаа вазирлиги кучлари бу ҳудуддаги ҳарбий операцияни муваффақиятли якунлаб, хавфсизликни таъминлаш ишларини давом эттираётганини маълум қилди.

Ливияда 2011 йилда Муаммар Қаддафий режими ағдарилганидан бери мамлакатда сиёсий ва ҳарбий бўлиниш давом этмоқда. Мамлакатда асосан икки асосий рақиб лагер — Триполидаги Миллий Бирлик Ҳукумати (МБҲ) ва шарқдаги Ливия Миллий Армияси (ЛМА) ўзаро тўқнашмоқда. 

МБҲ БМТ томонидан тан олинган ҳукумат бўлиб, Ливиянинг ғарбий қисми, айниқса пойтахт Триполида назоратни амалга оширади. Унинг ҳарбий таянчи маҳаллий милициялар, жумладан "444-бригада", "Рада кучлари" (Махсус тўсиш отряди), "Триполи инқилобчилари" ва бошқа қуролли гуруҳлардан иборат. МБҲ Туркия, Қатар ва Италия каби давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади.  

Генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги ЛМА Ливиянинг шарқий ва жанубий қисмларини, жумладан Бенғози ва Сирт шаҳарларини назорат қилади. У Ливия парламентининг Тобрукдаги таркиби томонидан қўллаб-қувватланади. ЛМА Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Франция ва Россия томонидан қўллаб-қувватланади. Россия, айниқса, Ҳафтарга ҳарбий ёрдам кўрсатишда муҳим роль ўйнайди. Бу давлатлар Ливиядаги ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида турли ҳарбий ва сиёсий ёрдамлар кўрсатмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.