19.12.2024 10:55
Каримовнинг олтин конларидаги улуши Рамзан Қодировга ўтиши мумкин, фақат...
Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни Россия ҳукумати ва Сурияда ҳокимиятни эгаллаб олган мухолифлар ўртасида воситачи бўлишга таклиф қилди. Бу ҳақда “Новая газета” нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Журналистларнинг сўзларига кўра, уларнинг Москвада бўлиб ўтган сўнгги учрашувида Чеченистон раҳбарининг Яқин Шарқдаги "барча расмий ва норасмий" алоқаларини фаоллаштириш имкониятлари муҳокама қилинган. Ушбу учрашув ҳақида расмий тасдиқ йўқ. Қодиров ўз каналида 9 декабрь куни Кремлга Россия қаҳрамонларини "Олтин юлдуз" медаллари билан тақдирлаш маросимида ташриф буюриш учун борганини ёзган.
“Энди Москва Суриядаги ҳарбий базалари бўйича юзага келаётган муаммони зудлик билан ҳал қилиши керак. Агар Қодиров буни амалга оширса, у Wildberries'ни мукофот тариқасида олиши мумкин”, дейди нашр манбаси.
Шунингдек, улар доғистонлик сенатор Сулаймон Каримовнинг олтин қазиб олиш бизнесидаги улушини Қодировга ўтказиш масаласи “кўриб чиқилиши” мумкин. Аввалроқ, Каримов билан Чеченистон раҳбари ўртасида низо чиққан эди.
"Билвосита, воситачилик бўйича эҳтимолий таклифни Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам тасдиқлайди. У ўтган ҳафтада Сурия мавзусида учта баёнот берган", деб ёзади "Новая Газета Европа"
Хусусан, у “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариб ташлаш ва “биринчи алоқаларни ўрнатишга қодир бўлган икки давлат алоқа гуруҳи ишини ташкил этишни” таклиф қилди.