13.01.2025 07:30
827
Калифорниядаги ўрмон ёнғинлари: ҳалок бўлганлар сони 16 кишига етди
Калифорния штатидаги ўрмон ёнғинлари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди. Ёнғин ҳали ҳам тарқалишда давом этмоқда ва қурбонлар сони кўпайиши мумкин. Лос-Анжелесдаги ёнғин 39 минг акр (15783 га) майдонни қамраб олди, 12 мингдан ортиқ бино ва бутун бошли аҳоли пунктлари ёниб кетди.
Жанубий Калифорнияда 180 мингга яқин одам эвакуация қилинди. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, тутун ва зарарли заррачалар аҳоли саломатлиги учун катта таҳдид солаётгани айтилди. Лос-Анжелес округи шерифи бедарак йўқолган 13 киши ҳақида маълумот берди.
Губернатор Гэвин Ньюсомнинг айтишича, ёнғинга сув тақчиллиги ва Edison International'нинг симлари узилиши сабаб бўлган. Ёнғиндан келган иқтисодий зарар 135−150 миллиард долларга баҳоланмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден штатда йирик табиий офат эълон қилди. У ёнғинларга қарши курашиш учун қўшимча федерал ёрдам ажратиб, 400 дан ортиқ ўт ўчирувчи ва 30 дан ортиқ махсус техникани Жанубий Калифорнияга юборишни буюрди.