Ҳизбуллоҳ Ливаннинг тоғли ҳудудидан муваффақиятли фойдаланган ҳолда қаршилик жангчиларига Исроил ҳаво ҳужумларидан яширинишга ёрдам берувчи туннеллар тармоғини яратди, деб ёзади Al-Sharq Al-Awsat.

Истеъфодаги бригада генерали Фади Довуднинг сўзларига кўра, Ҳизбуллоҳнинг тактикаси Исроилни ўта оғир ҳарбий амалиётларга тортиб кетиши мумкин. Унинг айтишича, туннеллардан бошпана сифатида фойдаланиш ва энг кутилмаган жойларда ер остидан ҳужум қилиш эҳтимоли "душманнинг барча ҳарбий устунликларини нолга туширади".

"Исроил армияси кучли ҳаво кучларига эга бўлса-да, туннеллар тармоғининг мавжудлиги уларни нишонларни кўриш қобилиятидан маҳрум қилади, бу эса авиация самарадорлигини сезиларли даражада пасайтиради", - деб таъкидлади Фади Доуд.

Унинг сўзларига кўра, Исроил 60 метргача чуқурликдаги бункер ва туннелларни йўқ қилишга қодир бомбалар билан қуролланган, аммо улардан фойдаланиш учун, барибир, бункер ёки туннель қаерда жойлашганлигини билиш керак. Генералнинг сўзларига кўра, ҳеч ким туннеллар қаерда жойлашганини аниқ билмайди, бироқ улар Исроил чегарасидан шимолда, Ливан ҳудудига тахминан 7 км чуқурликдаги ҳудудни қамраб олган бўлса керак. Худди шу нарса Исроилнинг Ҳизбуллоҳни Литани дарёсидан нарига суриб ташлаш истагини асослайди.

Байрутдаги Америка университетининг сейсмология ва геология фанлари доктори Тони Немернинг фикрича, Ливанда туннель қуриш бошқа жойларга қараганда анча осон, чунки Ливан тоғларининг 80 фоизи оҳактошдан иборат. Шунингдек, у тоғларда табиий равишда пайдо бўлган ғорларнинг кенг тармоғи ҳам мавжудлигини айтди.

Мавзуга алоқадор