“Юмшоқ куч”: “Ёлғонлар империяси”нинг муваффақияти сири
Кўпчилик капиталистик дунёда, хоссатан бугунги Ғарб дунёсида реал воқелик билан юзлашишни ёқтирмайди. Улар воқеликдан нафратланишга ўргатилади, оқибатда инсонлар дунёни “сохта онг” ва “маданий гегемонлик” орқали бошқармоқчи бўлаётганларнинг тузоғига осонгина тушишади. Бундай “маданий гегемонлик” нарративлар (ривоятлар) орқали шакллантирилади. Бу ерда “narrative” сўзи жамоатчилик фикрини шакллантириш ва одамларга керакли нуқтаи назарни сингдиришга қаратилган маълум бир мавзудаги ҳикоялар яратишни билдиради.
Капиталистик дунёда рекламадан маҳсулот ёки хизматни ишлаб
чиқарувчига кўпроқ фойда келтирадиган тарзда тақдим этиш ва тарғиб қилиш учун
фойдаланилади. “Брендинг” (ташқи ўзига хосликни яратиш, маҳсулот ёки хизматни
танитиш) орқали мижозлар кўпайтирилади.
Ахборот уруши
Неолиберализм пайдо бўлиши билан айни шу усуллар нафақат
маҳсулот ва хизматлар учун, балки сиёсий ҳикояларни яратишда ҳам қўлланила
бошланди. Шу сабаб сиёсатда “Кимки нарративлар эгаси бўлса, ўша ғолиб бўлади”,
деган ибора пайдо бўлди.
Сўнгги йилларда “нарративлар” гегемон давлатнинг кўмаги ила
унинг сиёсий, иқтисодий ва айниқса маданий империализмини қўллаб-қувватлаш учун
кино индустрияси, ОАВ, ижтимоий тармоқлар, сунъий интеллект, монополлаштирилган
мусиқа саноати, эркинлик форумлари, академик грантлар (онгларни ювиш учун),
қизил гилам фестиваллари, шунингдек, анъанавий урф-одатлар, классик маданият
ҳамда маънони йўқ қилишга қаратилган постмодернистик ва сўнгги уйғониш
мафкуралари орқали янада мураккаблаштирилди – айёрона кўриниш касб этди. Айнан
ушбу ишланмалар орқали гўёки, фавқулодда, “танлаб олинган” муайян миллатнинг
ҳаракатлари, тафаккури ва қадриятларига бутун дунёда тақлид қилиниши керак
бўлган одатлар туси берилди. Ғарб мамлакатларининг тарғибот қобилиятлари ва PR
кампаниялари мисли кўрилмаган тарзда ривожланди ва кўп ўтмай янги формула –
“юмшоқ куч”ни юзага келтирди. Бу атама 1980 йилларнинг ўрталарида америкалик
сиёсатшунос Жозеф Най томонидан тилга олинди, аммо ўтган асрнинг 90-йилларидан
кенг қўлланила бошлади.
“Юмшоқ куч” янги, кўп қутбли дунё учун қанчалик зарур?
Албатта, ҳар қандай давлат иложи борича халқаро обрўсини
оширишга интилади. Шу мақсадда унинг матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар
бўлими фаолият юритади.
Аммо глобал саҳнада Америка брендидан ҳайрланган ва
таъсирланган баъзи ҳукуматлар ўз давлатлари учун “юмшоқ куч” яратишга
киришдилар. Улар буни нейтрал, умумий тушунча деб ҳисоблаб, мамлакатнинг ижобий
имижини тарғиб қилишга қаратилган PR ва реклама кампанияларига ўхшаш нарса деб
ўйладилар. Лекин аслида ҳам шундайми? Ушбу ҳаракатлар “Америка
неолиберализми”дан нусха кўчириш эмасми?
“Юмшоқ куч” тушунчаси Совет Иттифоқи парчаланганидан кейинги
дастлабки йилларда Россияни ўзига мафтун қилган бўлса-да, у тез орада ўз
жозибадорлигини йўқотди. 2019 йилда россиялик сиёсатшунос, Жаҳон иқтисодиёти ва
халқаро муносабатлар факультети профессори Сергей Караганов “ушбу концепция
интеллектуал хатолик сифатида тан олиниши керак”лиги ҳақида ёзди.
Хўш, “юмшоқ куч” аслида нима?
Жозеф Най ўзининг 1990 йилда нашр этилган “Етакчилик қисмати:
Америка қудратининг ўзгарувчан табиати” китобида ўз атамасини оммалаштирган ва
уни шундай таърифлаган:
“Бир давлат бошқа халқларни ўзи истаган нарсани орзу қилишга
ундаса, буни “юмшоқ куч” деб аташ мумкин: унинг бошқаларни ўзига бўйсундириши
учун ҳужум ёки таҳдиддан фойдаланишига ҳожат қолмайди”.
Най 2004 йилда ёзган “Юмшоқ куч: жаҳон сиёсатида муваффақият
воситалари” китобида концепцияни янада ривожлантирди. Унда шундай сатрлар
мавжуд:
“Йўлдан оздириш ҳар доим мажбурлашдан кўра самаралироқ:
демократия, инсон ҳуқуқлари ва шахсий имкониятлар каби кўплаб қадриятлар жуда
жозибали қиёфа касб этади”.
Най ўзининг “Юмшоқ кучнинг афзалликлари” номли мақоласида
“куч”ни қуйидагича таърифлайди:
“Ўзи хоҳлаган натижаларга эришиш учун бошқаларга таъсир
ўтказиш қобилияти: “юмшоқ куч” – бошқаларни ўзи истаганидек хатти-ҳаракатлар
қилишга ундаш одамларни жалб қила олишга боғлиқ. “Юмшоқ куч” маълум
афзалликларни кўрсата билиш қобилиятига асосланади. Унинг ресурслари
жозибадорликка асосланган воситалардир ва бу бошқаларни ихтиёрий тарзда сизнинг
йўлингиздан юришига олиб келади.
Анъанавий куч сиёсати одатда бирор давлатнинг армияси ёки иқтисодиёти
бошқасини таслим этишини англатади. Ахборот асрида эса муваффақият кимнингдир
ҳикояси бошқаларнинг ҳикояси устидан ғолиб бўлишига боғлиқ”.
Охир-оқибат ҳаммаси “Ёлғонлар империяси”нинг ҳикояларига
боғлиқ...
Қўшма Штатлар ўзининг геноцид билан бошланган тарихидан буён
ўзини доимо эзгулик тарафдори сифатида кўрсатиб келди. Мамлакат сарҳадларига
қадам ранжида қилганларга ўзини эркинлик ва демократия инъом этувчи давлат
ўлароқ намоён қилди. У асрлар давомида ўзи тўқиган ва ўзинигина улуғловчи
ҳикояларини дунёга ёймоқда. Йиллар давомида ушбу ривоятлар “Америка орзуси”,
“демократия”, “эркинлик”, “инсон ҳуқуқлари”, “Ғарб қадриятлари”, “қоидаларга
асосланган тартиб”, “хайрия”, “шахсий имкониятлар”, “қашшоқликдан бойликка”,
“бир лаҳзадаёқ машҳурлик” каби ғояларни тарғиб қилиб келди. Шундай экан, “юмшоқ
куч” тушунчаси айнан шу фикрлаш тарзи ва Америка капитализмининг ўзига хос
иқтисодий тизимидан келиб чиққанлиги таажжубланарли эмас. Американинг “юмшоқ
куч” бренди ўзининг жозибадор ниқобидан фойдаланиб, империя ташқи сиёсатининг
тожи – ўз ўлжасини йўлдан оздириш ва алдаш учун моҳир маркетинг ҳийласига
айланди. Дарҳақиқат, бу гегемоннинг энг маккор ва ёвуз қуроли, чунки у дунёнинг
исталган ерида аҳоли онгини заҳарлай олади.
Ушбу ривоятлар қуйидагиларни келтириб чиқарди:
неоколониализм, вокизм, инкорчилик маданияти, эзгуликни кўз-кўз қилиш, шубҳали
нодавлат ташкилотлар, рангли инқилоблар, тузум алмаштириш, руҳий таъсир
операциялари, иқтисодий беқарорликлар ҳамда жинслар, анъаналар, жамият ва
қадриятларнинг йўқ қилиниши. Бу ҳикоялар хушмуомалалик, иккиюзламачилик ва
ҳомийлик ниқоби остида нафақат бошқа инсонларга, балки воқеликка ҳам нафрат
билан қарайди. “Юмшоқ куч” ўз нишонидан ҳақиқатни, маънони, ахлоқни ва барча
муқаддас нарсаларни тортиб олади.
Бугунги кунда империя ва унинг малайлари Ғазодаги қирғин ва
Украинадаги урушда бевосита иштирок этмоқда. Бунга ҳақиқатни ёритувчи ва
империянинг ёлғон ривоятларини фош қилувчи ҳақиқий журналистлар ва ҳалол
ахборот платформаларига қарши борган сари кучайиб бораётган тажовуз, таъқиб ва
қўрқитиш кампанияларини қўшсангиз, уларнинг асл қиёфасини кўра оласиз.
Империянинг “юмшоқ куч машинаси” учун ёлғон ҳикояларни
тинимсиз ишлаб чиқариш одатга айланган – бу “доимий ёки мажбурий равишда ёлғон
гапиришга мойиллик билан тавсифланувчи сурункали хулқ-атвор”дир. Оқибатда АҚШ
бошқарувидагилар ҳам бошқаларни алдаш учун узоқ вақт ёлғон гапирганидан сўнг,
тез орада ўз ёлғонларига ишона бошлади. Бу эса империяни секин-асталик билан
умидсизлик чоҳига қулатмоқда.
Эътиборлиси, бугун Ғазодаги уруш фонида “Ёлғонлар империяси”
ривоятларининг миси чиқяпти. Ҳатто Ғарбнинг кўплаб фуқаролари ҳам сиёсатдаги
ёлғон ва алдовларни англаб, ҳақни тўлиқ англаб етмаган бўлсалар-да, бошқа
томонга, масалан, Исломга интилишмоқда.
Неолиберализмнинг пуфаклари ёрилиб, одамлар ҳақиқийлик,
самимийлик, ишонч ва қадр-қимматни қўмсаяпти.