17.05.2025 06:02
29

Истанбулдаги Украина–Россия музокаралари: натижа бор, тинчлик йўқ

2025 йил 16 май куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри тинчлик музокаралари бўлиб ўтди. Бу учрашув 2022 йилдан бери икки давлат ўртасидаги илк юзма-юз музокаралар сифатида қайд этилди. Аммо музокаралар икки соатга ҳам етмай тугаган бўлиб сезиларли натижа қайд этилмади.

Музокараларда Украина томони 30 кунлик шартсиз отишмани тўхтатиш режасини таклиф қилди аммо Россия бу таклифни қабул қилмади. Россия делегацияси Владимир Мединский бошчилигида Украинадан Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудлардан бутунлай чиқиб кетишни талаб қилди. Украина бу талабларни мутлақо қабул қилинмас ва реал воқеликдан узоқ деб ҳисоблади.

Тарафлар ўртасидаги жонли мунозараларга қарамасдан музокараларнинг ягона амалий натижаси ҳар бир томон 1000 нафардан ҳарбий асирни алмашиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳозиргача уруш давомида амалга ошириладиган энг йирик асирлар алмашинуви ҳисобланади. Туркия томони вакиллари бу натижани келишув учун ишонч мустаҳкамланиши йўлидаги илк қадам деб баҳолади.

Музокаралар якунланганидан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Франция Германия ва Польша етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилиб Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этиш зарурлигини билдирди.

Музокараларда президентлар даражасида иштирок кузатилмади. Россия президенти Владимир Путин учрашувда қатнашмагани учун АҚШ президенти Дональд Трамп уни танқид қилди ва Россия ҳукумати ҳали ҳам жиддий келишувга тайёр эмаслигини таъкидлади. 

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ҳар икки делегация келгуси музокараларга тайёрлигини билдирганини айтди. Шунингдек Ватикан келгусида музокараларга мезбонлик қилиш таклифини берди.

Истанбул музокаралари катта дипломатик силжишларга олиб келмаган бўлса-да тинчлик йўлидаги узоқ жараёнда муҳим бир босқич сифатида баҳоланмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.