17.01.2025 17:20
Исроил вазирлар маҳкамаси сулҳ битимини маъқуллади
Исроил Бош вазирлиги томонидан берилган расмий баёнотга кўра, ушбу келишув сиёсий, хавфсизлик ва гуманитар жиҳатлардан баҳолангандан сўнг маъқулланган. Ҳукумат яқин кунларда ушбу битимни тўлиқ тасдиқлаш учун йиғилиш ўтказиши режалаштирилган.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху хавфсизлик кабинети йиғилишида АҚШ томонидан берилган қўллаб-қувватлов ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден ва сайланган президент Доналд Трамп Ғазода урушни тўхтатиш жараёнининг иккинчи босқичи муваффақиятсизликка учраган тақдирда Исроилнинг қайта ҳужум қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашга келишган.
"Биз музокаралар муваффақиятсиз тугаса, хавфсизлик талабларимизни ҳимоя қилиш учун қайта ҳаракатга тушишга АҚШдан қатъий кафолат олдик", деди Нетаняху.
Исроил ҳукумати Ғазодаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш учун олиб борилаётган ҳаракатлар фонида яқин кунларда янгича ёндашувлар ва шартларни муҳокама қилишини маълум қилди.