18.12.2024 09:07
Исроил Яманда ҳарбий операция ўтказишни режалаштирмоқда
Исроил давом этаётган ракета ва учувчисиз ҳаво воситалари ҳужумлариига жавобан Ямандаги “Ансоруллоҳ” ҳаракатига қарши янги ҳарбий операция ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Исроилнинг "КАН" телеканалига таяниб, "Анадолу" агентлиги хабар берди.
Жумладан, душанба куни ҳусийлар Тел-Авив яқинидаги Яффа шаҳрига учирган баллистик ракета ва учувчисиз учоқлар Исроил ҳаво мудофаа тизими томонидан тутиб қолинган. Ушбу ҳужумда беш киши жароҳатланди. Шу муносабат билан Исроил ҳукумати ҳусийлар ҳужумларига қарши қатъий жавоб беришга қарор қилди. Ҳусийлар эса ўз ҳаракатларини Фаластин қаршилик кучларига бирдамлик сифатида баҳоламоқда.
"КАН" маълумотларига кўра, Исроил хавфсизлик органлари Эрон таъсиридаги минтақа ҳаракатларини таҳлил қилиб, Ямандаги ҳусий нишонларига зарба бериш учун махсус операцияни режалаштирмоқда.
Исроил июль ойида Яманнинг Ҳудайда портига, сентябрда “Ансоруллоҳ” ҳаракатига тегишли бир қатор нишонларга ҳужум қилганди. Кутилаётган Ямандаги операциялари Қизил денгизда жойлашган АҚШ ҳарбий кучлари билан мувофиқлаштирилмоқда. АҚШ ҳарбий кемалари Исроилга техник ва ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, Исроилнинг Ямандаги “Ансоруллоҳ” ҳаракатига қарши режалаштираётган операцияси минтақадаги кескинликни янада ошириши мумкин. Эрон таъсиридаги ҳусийлар ва Исроил ўртасидаги бу қарама-қаршилик нафақат Ямандаги вазиятга, балки бутун минтақадаги хавфсизлик мувозанатига таъсир қилиши кутилмоқда.