21.12.2024 09:05

Исроил Ғазодаги ҳарбий базаларини кенгайтирмоқда

Сўнгги ойларда Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий фаолиятини янада фаоллаштириб, буфер зоналар ва ҳарбий базаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. New York Times таҳлиллари ва сунъий йўлдош тасвирлари шуни кўрсатадики, сўнгги уч ой ичида 600 дан ортиқ бинолар бузиб ташланган ва ўнга яқин янги ҳарбий база қурилган.

Нетзарим коридори — Ғазо секторини шимолий ва жанубий қисмларга ажратиб турувчи 6 километрлик стратегик йўлак. У 2005 йилга қадар Исроил армияси томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳозирда бу ҳудуд қайта тикланмоқда. Коридор атрофидаги 47 квадрат километр ҳудудда қўшимча мудофаа воситалари, йўллар ва ҳарбий иншоотлар қурилган.

Базаларни фаоллаштиришдан мақсад жанубга эвакуация қилинган фаластинликларнинг шимолига қайтишини чеклаш, Ғазони икки қисмга ажратиш орқали ҳаракат эркинлигини маҳдудлаштириш, ҳарбий назоратни мустаҳкамлаш ва ҲАМАС ҳаракатини изоляция қилиш.

Филаделфия коридори — Ғазо ва Миср ўртасидаги 14 километрлик буфер зона бўлиб, унинг кенглиги 100 метрни ташкил этади. У 1979 йилда Миср ва Исроил ўртасида имзоланган тинчлик шартномаси асосида ташкил этилган.

Коридорнинг аҳамияти:

Ғазонинг ташқи дунё билан алоқасини узиш.

Қурол-яроғ ва озиқ-овқат етказиб бериш йўлларини чеклаш.

Миср билан чегара хавфсизлигини таъминлаш.

Исроил ҳудуд бўйлаб 19 та йирик ва ўнлаб кичик ҳарбий базалар қуриб, уларни мудофаа ариқлари, қўрғонлар ва транспорт воситаларига қарши тўсиқлар билан мустаҳкамламоқда. Яқин ойларда қурилган иншоотлар қуйидагича тавсифланади.

1. Казармалар ва мудофаа иншоотлари: Аскарлар учун яшаш шароити ва мудофаа тармоқлари ташкил қилинган.

2. Алоқа ва логистика миноралари: Ҳудудни тўлиқ назорат қилиш учун янги инфратузилмалар яратилган.

3. Зирҳли машиналар учун махсус жойлар: Ҳарбий техника ҳаракатини осонлаштириш мақсадида янги тўхташ жойлари қурилган.

Исроилнинг бу ҳаракатлари минтақадаги ҳарбий устунликни сақлаб қолишга қаратилган. Мазкур стратегияни собиқ бош вазир Ариел Шарон томонидан таклиф этилган “Беш бармоқ” доктринасининг давоми сифатида кўриш мумкин. Ушбу доктрина доирасида:

Ғазо турли қисмларга ажратилиб, унинг тўлиқ назорати таъминланади.

Ҳудудий чекловлар ва изоляция орқали Ҳамас ҳаракатининг фаолияти чекланади.

Фаластинликларнинг ташқи дунё билан алоқаси минимал даражага туширилади.

Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари минтақадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Ҳарбий базаларнинг кенгайиши ва аҳолининг эвакуация қилиниши гуманитар инқирозни чуқурлаштиради

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.