Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАС қаршилик ҳаракатининг сионистларга ҳужумидан сўнг тузилган ҳарбий вазирлар маҳкамасини тарқатиб юборди. Бу ҳақда ишғолчиларнинг ОАВларида хабар берилди. 

Тегишли қарор Исроил собиқ мудофаа вазири Бенни Ганц ҳарбий вазирлар маҳкамасидан истеъфога чиқишини эълон қилганидан кейин қабул қилинган. Унинг ортидан Исроил мудофаа кучлари бош штаби собиқ бошлиғи Гади Айзенкот ҳам ҳарбийлар кабинетини тарк этган. 

Нетаньяху энди кичик бир гуруҳ доирасида, жумладан, ҳарбий кабинетда ишлаган Мудофаа вазири Йоав Галлант ва Стратегик ишлар вазири Рон Дермер билан Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича қарорлар қабул қилиши кутилмоқда. 

Ҳарбий вазирлар маҳкамаси 2023 йил 7 октябрда, ҲАМАС ҳужумидан кўп ўтмай тузилган. Унда Нетаньяхунинг шериклари билан бир қаторда муҳим сиёсий рақиблари, жумладан Бенни Ганц ҳам бор эди. 

Маълумот учун, 10 июнь куни Ганц ҳарбий кабинетдан истеъфога чиқишини эълон қилди ва мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирди. У Нетаньяхуни ҲАМАСга қарши уруш бўйича аниқ режаси ва Ғазо сектори бўйича урушдан кейинги стратегияси йўқлиги учун танқид қилган.

Мавзуга алоқадор