29.05.2025 07:34
70

Исроил аскарлари Ливан ҳудудига кирди, БМТ тинчликпарварлари тўхтатиб қўйилди

Исроил ҳарбийлари булдозер ва пиёда қўшинлари ҳамроҳлигида Ливан жанубидаги Блида шаҳарчасининг Бир Шуайб маҳалласигача кириб борди. Бу ҳақда Ливан расмий ахборот агентлиги NNA маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, Исроил аскарлари Ливан армияси жойлашган нуқтага 200 метргача яқинлашган. Воқеа ортидан Ливан армияси шарқдаги постга қўшимча кучларни юборди.

Исроил билан Ливан ўртасида 2024 йил 27 ноябрда тузилган ўт очмаслик келишувига қарамай, Исроил армияси уни мунтазам бузмоқда. Исроил қўшинлари чегарадаги бешта нуқтада ҳозир ҳам қолмоқда. Ҳаво ва қуруқликдаги ҳужумлар орқали чегарага яқин ҳудудларда катта вайронагарчилик юзага келган.

БМТ тинчликпарварлари ҳам тўсқинга учради
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги вақтинчалик тинчликпарвар миссияси (UNIFIL)нинг маълум қилишича, Ятер шаҳарчасида патрулликка чиққан бир бўлинма фуқаролик кийимидаги шахслар томонидан тўхтатилган.

Қайд этилишича, патрул Ливан армияси билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган ва ярим соатга тўхтаган бўлса-да, ўз вазифасини якунлаган. Шунга қарамай, маҳаллий ОАВда UNIFIL аскарлари аҳолига қурол йўналтиргани ҳақида тарқалган хабарлар рад этилди.

UNIFIL тпшкилотининг таъкидлашича, ўз фаолиятини БМ Хавфсизлик Кенгашининг 1701-сонли резолюцияси асосида олиб бормоқда ва ҳар қандай аралашув қабул қилинмаслиги лозим.

Маълумот учун: UNIFIL 1978 йилда Ливан ҳукумати сўровига кўра ташкил этилган. 2006 йилда қабул қилинган 1701-сонли БМ Қарорига кўра, Исроил Мовий чизиқ ортига чекиниши, Литани дарёсигача бўлган ҳудуд эса фақат Ливан армияси ва UNIFIL назоратида бўлиши лозим.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.