20.11.2024 08:01
Исроил армияси Сурия ҳудудини эгаллашни бошлади - «Ал-Жазира»
Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканали Исроил қўшинларининг Сурия жанубида, хусусан, Қунайтра провинциясида жойлашган чегарадаги Ковдана ва Хадр қишлоқлари ҳудудида олдинга силжиши акс этган лавҳаларни эълон қилди.
Лавҳалар Исроилнинг сўнгги икки ой давомида муҳокама қилинаётган Голан тепаликларининг Сурия томонида буфер зонасини яратиш ҳақидаги тахминларни илк бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, Башар Асад ҳукумати, аввалгидек, исроиллик ҳарбийларнинг ҳаракатларига нисбатан сукут сақлашни афзал кўрмоқда.
Телеканал маълумотларига кўра, Исроил танклари ва зирҳли техникалари Сурия чегарасини кесиб ўтган ва янги чегара чизиғини яратиш бўйича муҳандислик ишлари олиб борилаётган Тина ва Хадр қишлоқлари оралиғидаги ҳудудда жойлашган. Маҳаллий аҳоли журналистларга Исроил ҳарбийлари техника ҳаракатини осонлаштириш учун уларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини қандай вайрон қилаётгани ҳақида гапириб беришди.
“Чегара яқинида жойлашган 300 сотихга яқин ерларимиз вайрон қилинди ва босиб олинди. Исроил ҳарбийлари ҳам чорваларини яйловсиз қолдириб, чўпонларни ҳайдаб чиқармоқда. Натижада кўплаб оилалар ягона даромад манбаидан маҳрум бўлмоқда”, дейди Муҳаммад исмли маҳаллий аҳоли вакилларидан бири телеканалга.
Башар Асад режимининг ҳукмрон "Баас" партияси вакилларининг камдан-кам баёнотлари билан чегараланиб, чегарада содир бўлаётган воқеалар ҳақида маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олиш учун қаттиқ чоралар кўрмоқда. Маҳаллий аҳолининг айтишича, чегара ҳудудларига яқинлашмоқчи бўлган ҳар бир киши ҳибсга олиниши хавфи бор.
Хабарларга кўра, Исроил ҳарбий фаолиятдан ташқари, босиб олинган Голан тепаликларида яҳудий босқинчилар сонининг кўпайишига фаол ёрдам бермоқда. Ўзини Абу Исо деб таништирган фуқаронинг "Ал-Жазира" телеканалига айтишича, Маждал Шамс, Катзрин, Айн Зиван ва Рамат Магшимим каби аҳоли пунктларида охирги пайтларда ишғолчилар сони сезиларли даражада ошган.
Кўплаб экспертлар ва минтақа аҳолиси Исроилнинг ҳаракатлари ҳудудларни янада аннекция қилиш ва уларни тўлиқ бўйсундиришга қаратилганидан хавотир билдирмоқда. Буфер зонанинг яратилиши Исроилнинг Суриянинг бу қисми устидан назоратини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиши айтилмоқда.
Исроил босиб олинган ҳудудларда инфратузилмасини ривожлантиришда давом этар экан, Сурия ҳукумати бу ҳаракатларнинг олдини олиш учун деярли ҳеч қандай чора кўрмаяпти. Дамашқдан жавоб йўқлиги маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик кучайишига сабаб бўлмоқда, улар ўзларини тақдир ҳукмига ташлаб кетилгандек ҳис қилмоқда.
Исроилнинг Голан тепаликларидаги фаолияти минтақадаги кескинликни кучайтирмоқда ва халқаро ҳамжамият можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик ҳақида тобора кўпроқ сўрамоқда.