15.12.2023 14:33

Исроил армияси Ливан жанубидаги чегара ҳудудларига варақалар ташлади

Исроил самолётлари Ливан ҳаво ҳудудини бузиб, чегара ҳудудидаги Кфар Шуба қишлоғи аҳолисига “огоҳлантирувчи варақалар” улоқтирди, дея хабар қилди Anadolu Ливаннинг NNA ахборот агентлигига таяниб.
Ливан жануби аҳолисига қаратилган варақаларда "Ҳизбуллоҳ" Исроил давлатига қарши курашишда иш жойлари, қишлоқ хўжалиги ерлари ва фуқаролар уйларига кириб бораётгани, шунингдек, хусусий мулклардан «террорчилик» режалари учун фойдаланаётгани" айтилган.
Бундан ташқари, варақалар жануб аҳолисини ўз хавфсизлиги учун "Ҳизбуллоҳ"ни тўхтатишга ва эҳтиёт бўлишга чақиради.
“Ҳақиқий хавф - "Ҳизбуллоҳ" аъзоларининг турар-жойларда яширинишда давом этиши. Бу сизга ҳам зарар келтирадиган нарса”, - дейилади варақаларда.
Чегарада "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати ва Исроил армияси аскарлари ўртасидаги тўқнашувлар 8 октябрдан бери давом этмоқда. Ушбу тўқнашувлар пайтида "Ҳизбуллоҳ"нинг йўқотишлари 105, Исроил армияси эса 6 кишини ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, тўқнашувларда Ливанда 24 нафар, Исроилда эса 5 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.