19.07.2024 07:15

Исроил ҳарбийлари жанговар итга даунга чалинган фаластинликни ўлдиришига қўйиб беришди

Даун синдроми ва аутизмга чалинган 24 ёшли фаластинлик Муҳаммад Бҳар Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилди. Улар қўйиб юборган жанговар ит йигитни ғажиб ташлади. Исроилликлар қурол билан унинг оиласини ўлим арафасида турган йигитни ёрдамсиз ташлаб кетишга мажбурлашди.

Муҳаммаднинг оиласига кўра, Исроил қўшинлари 3 июль куни уларнинг уйига ҳарбий ит билан бостириб кирган.

Жабрланувчининг онаси Би-би-си билан суҳбатда у исроиллик ҳарбийларни Муҳаммаднинг аҳволи ҳақида огоҳлантириб: “Уни асраб қолинг, у ногирон. Итни унга яқинлаштирманг”, - деган, бироқ барча уринишлари беҳуда кетган.

“Ит унга ҳужум қилди, кўкрагидан, кейин қўлидан тишлади. Муҳаммад гапирмади, фақат: “Йўқ, йўқ, йўқ”, дея ингради”, - деди Набила BBC га.

Ҳужумдан сўнг исроиллик аскарлари Муҳаммадни оиласидан ажратиб, ёрдамсиз ўлимга қолдириб кетишга мажбурлаган. Оила уйига қайтгач, Муҳаммаднинг полда қонга беланиб ётганини кўрган.

"Биз уни улардан ҳам, итдан ҳам қутқара олмадик", - дейди Набила.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат ҳақида BBC дастлаб “Ғазолик Даун синдромли эркакнинг ёлғизликдаги ўлими” сарлавҳаси остида хабар берган. Бу эса тармоқ фойдаланувчилари ўртасида қизғин норозиликларга сабаб бўлган. Шундан сўнг сарлавҳа “Ғазолик Даун синдромига чалинган эркакка Исроил армияси ити ҳужум қилди ва ўлимга ташланди, дейди онаси” деб ўзгартирилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.