07.04.2025 09:26
140
Ҳиндистон қуйи палатаси мусулмонларга оид янги қонун лойиҳасини маъқуллади
Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси мусулмонлар вақф мулкларининг бошқарув тизимини ўзгартирувчи “Вақфлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси”ни қабул қилди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Янги қонун, асосан, масжидлар, мадрасалар ва мусулмонлар томонидан жамият фаровонлиги учун ажратилган ерлар каби вақф мулкларининг бошқарувини қайта тартибга солишни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси ҳукмрон Бҳаратия Жаната Партияси томонидан илгари сурилиб, 288 депутат томонидан қўллаб-қувватланди, 232 нафари эса қарши чиқди. Эндиликда лойиҳа Раджя Сабха (Юқори Кенгаш)га кўриб чиқиш учун юборилади. Агар тасдиқланса, президент Дроупади Мурму имзо чекиши кутилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Ҳиндистонда 872 351 вақф обектлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий майдони 940 000 акрдан ошади. Вақфларнинг умумий қиймати 1,2 триллион рупийдан ($14,22 млрд) ортиқ баҳоланмоқда.