Фото: people.com.cn

Шу пайтгача фақат кинофильмларда кўриб, билганимиз даҳшатли ёки драматик  саҳналар бугун ҳақиқий ҳаётда юз бераётган, экан диққатимизни арзимас воқеаларга қаратиш инсофдан бўлмайди. Бугун дунё ҳукмронлигини даъво қилаётган кучлар адолатни икки хил стандартлар асосида қўллашда давом этаётгани мусулмонларни уйғонишга, холислик билан глобал ҳодисаларни таҳлил этишга ундайди. Айниқса, асримизда оддий одамларга нисбатан содир этилаётган уруш жиноятларига Халқаро жиноят суди ва АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатларининг қандай муносабатда бўлаётгани бизни қизиқтириши керак.

Ғарбий ярим шарнинг юқори доираларида яҳудий бўлмаганларга тегишли инсон ҳуқуқларига зид хатти-ҳаракатлар танқид қилиниб, Исроил босқинчиларининг ваҳшийликларига кўз юмилиши “адолат” тушунчаси икки хил стандартга кўра талқин этилаётгани мисолидир. Аслида, “адолат”ни халқларга нисбатан икки хил қўллаш адолатсизлик билан тенгдир.

Бугунги кунда Исроил кучларининг Фаластин, Ливан, Сурия, Яман, Эрон ва Миср фуқароларига ҳамда Ливан жанубида жойлашган UNIFIL тинчликпарвар кучларига қарши қуролли ҳужум уюштиришининг ўзи жиддий ҳуқуқбузарликдир.

Халқаро жиноят суди (ХЖС) 2002 йилда аъзо давлатлар буни хоҳламаган тақдирда ҳам уруш жиноятлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, геноцид ва тажовузга қўл урганларни жазога тортиш учун ташкил этилган. Ажабки, АҚШ ҳукумати ХЖС қарорларига қўшилиш ўрнига, унинг бутун дунё бўйлаб адолатни таъминлаш қобилиятига путур етказиш йўлини танлади. Сионистлар зарарига бирор қарор чиқаргудек бўлса, ташкилотга санкция қўллаш ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзоларини Қўшма Штатларга киритмаслик билан таҳдид қилди.

“Al Jazeera” телеканали ҳисоботига кўра, ХЖСга нисбатан Исроилнинг юқори мартабали амалдорларини ҳибсга олишга интилгани учун АҚШ ҳукумати томонидан санкция қўллаш бўйича қонун қабул қилинган.

2023 йил 17 мартда ХЖС Россия президенти Владимир Путинни Украинадаги уруш даврида болаларни ноқонуний депортация қилиш ва кўчириш каби ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топиб, ҳибсга олишга ордер берганди. Эътиборлиси шундаки, ушбу ордер Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган давлат раҳбарини ҳибсга олиш ҳақидаги биринчи буйруқдир.

2022 йил 16 мартда АҚШ президенти Жо Байден Россия президенти Владимир Путинни “уруш жиноятчиси" деб атаган бўлса-да, Исроил бош вазири Нетаньяху Ғазода 42 минг бегуноҳ фаластинликни, аксарият аёллар ва болаларни ўлдирганига қарамай, унга ёрдам ва далда беришда давом этмоқда. Католик бўлган Байден иккиюзламачилик оғир гуноҳ эканини билиши тайин. Инжилга кўра, мунофиқлик бирор нарсага ишонаман деб даъво қилган ҳолда, айни даъводан бошқача ҳаракат қилишни англатади.

Ижтимоий тармоқларда террор давлати аскарларининг фаластинликларни қийноққа солаётгани, уларни яланғоч ҳолда юргизиб, мусулмонлар жасадларини томдан улоқтираётгани ва бошқа ноинсоний ҳаракатлари акс этган видеотасвирлар тарқалмоқда. Янада жирканчлиси – ушбу видеоларни сионист фашистларининг ўзи интернетга жойлаяпти.

Гувоҳлар Шимолий Ғазодаги Камол Идвон шифохонасида бундан ҳам даҳшатлироқ уруш жиноятлари содир этилгани ҳақида хабар беришди. У ерда ҳомиладор аёллар туғуруққа кетаётганда Исроил танклари томонидан босиб, янчиб кетилган. Исроил ҳарбийларининг садистик хатти-ҳаракатларига жиноятчи ҳарбий раҳбарлар ва вазирлар томонидан рухсат берилган. Ваҳшийлар жазоланиши керак эди, афсуски, улар АҚШда қаҳрамон сифатида кўкка кўтарилиб, Нетаняхунинг ўзи сингари АҚШ Конгрессида олқишланяпти. Бу эса АҚШ раҳбарларининг ҳам қўллари фаластинликлар қонига ботганини англатади.

Жумладан, АҚШ ҳукумати Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирувчи БМТнинг учта резолюциясини бекор қилди ва шу билан уруш, мусибатлар ва изтироблар вақтини узайтирди. АҚШ ҳукумати ўзининг манфаатига зид ҳаракат қилган, ҳатто Америка фуқароси бўлмаса ҳам жиноятчи деб топилган шахсларни қидиришга куч ва маблағ сарф этиб келяпти. Лекин сионистларнинг мусулмонларга нисбатан геноцидини бевосита қўллаб-қувватлаяпти.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Нюрнбергда йигирма бир нафар нацист ҳарбий жиноятчиси устидан суд жараёни ўтказилган эди. Улардан ўн бир нафари айбдор деб топилиб, осиб ўлдиришга ҳукм қилинган. Қолганлари 10 йилдан тортиб, то умрининг охиригача қамоққа ҳукм қилинган. Лекин бугунги кунда сионист фашистлари АҚШ ёки халқаро ташкилотлар ташаббуси билан жазоланмаяпти.

Яна бир ҳолат, 1985 йилда Исроилнинг илтимосига биноан, АҚШ ҳукумати унга Огайо штатининг Кливленд шаҳрида яшовчи 81 ёшли америкалик фуқаро Жон Демжанжукни топширди. У “Треблинка” ўлим лагеридаги газ камераларини бошқарганликда “айбланган” эди.

Қизиғи шундаки, АҚШ ҳукумати ва Исроил 76 йил давомида бутун дунё бўйлаб нацистларни қидириб келган бўлса-да, энди арабларга қарши худди шундай уруш жиноятларини содир этаётган яҳудий давлатини ҳимоя қилмоқда ва уларни қаҳрамонлар сифатида улуғламоқда. Бундай хатти-ҳаракат учун босқинчилар жазоланиши керак. Акс ҳолда “халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси” эканини даъво қилаётган “мурувватли” мамлакатлар келажакда қора ном билан эсланиши тайин.

Мавзуга алоқадор