02.01.2025 06:35

Янги йил арафасида Янги Орлеандаги қирғин: 15 қурбон

АҚШнинг Янги Орлеан шаҳрида номаълум шахс Янги йил кечаси шаҳар марказидаги оломон устига машина ҳайдади, дея хабар берди BBC. Охирги маълумотларга кўра, 15 киши ҳалок бўлган, 35 киши яраланган.

Машина Бурбон кўчасида Янги йилни нишонлаётган оломонга катта тезликда урилган, шундан сўнг ҳайдовчи машинадан тушиб, ўқ отишни бошлаган. Полиция жавоб қайтарган. Отишма пайтида икки полициячи яраланган.

Полициянинг фикрича, ҳайдовчи максимал даражада зарар етказишга уриниб, одамларни атайлаб эзиб юборган.

Федерал қидирув бюроси воқеани теракт сифатида текшираётганини айтди.

Кейинроқ ФҚБ гумонланувчининг исми Шамсуд-Дин Жаббар экани ва унинг (эҳтимол ижарага олинган) машинасидан ИШИД байроғи топилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқловчи баёнот берди.

Баёнотда, шунингдек, 42 ёшли эркакнинг жиноят жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан отишмада ҳалок бўлгани ва у Техасда яшовчи АҚШ фуқароси эканлиги билдирилди.

Кейинроқ Нью-Орлеанда бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳар, Луизиана штати ҳукумати ва Федерал қидирув бюроси вакиллари Жаббар АҚШда туғилгани ва туғилган кундан бошлаб мамлакат фуқаролигига эга эканлигига аниқлик киритди.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан ФҚБ махсус агенти Алетеа Дунканнинг қўшимча қилишича, расмийлар ҳужумчининг шериклари бўлган деб ҳисоблашмоқда. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, айни пайтда қирғин содир бўлган Янги Орлеаннинг Франция мавзесида иккита қўлбола портловчи мослама топилиб, зарарсизлантирилган.

Дунканнинг таъкидлашича, Жаббар собиқ ҳарбий хизматчи бўлган. Унинг истеъфога чиқиш сабаблари аниқлаштирилмоқда.

Фожиа маҳаллий вақт билан тахминан тонгги соат 3:00 да одамлар Янги йилни нишонлаётган вақтда содир бўлди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.