20.12.2024 15:13
HRW: Исроилнинг Ғазодаги аҳолини сувдан маҳрум этиши геноцидга тенг
Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Исроилнинг Ғазо секторидаги фаластинлик аҳолини тоза сувдан маҳрум қилиши геноцид ва қирғин жиноятлари доирасида кўрилиши мумкинлигини таъкидлади. Ташкилотнинг ҳисоботига кўра, Ғазодаги фаластинликлар яшаб қолиш учун зарур бўлган минимал меъёр — кунига 15 литр сувдан ҳам маҳрум.
HRW маълум қилишича, Исроил ҳукумати Ғазода тинч аҳолининг оммавий қирилишига сабаб бўлувчи сиёсати орқали инсониятга қарши жиноят содир этмоқда. Ҳисоботда бу ҳаракатлар 1948 йилги геноцид конвенцияси бўйича “геноцид акти” сифатида баҳоланиши мумкинлиги айтилган.
HRW Яқин Шарқ бўйича директори Лама Факиҳнинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати Ғазодаги фаластинликларни яшаш учун зарур бўлган сувдан маҳрум қилиб, уларни атайлаб ўлдирмоқда.
Исроил ушбу айбловларни қатъий рад этди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Reuters агентлигига берган баёнотида HRWнинг айбловларини “ёлғон” деб атади.
Исроил томонидан айтилишича, ўтган ҳафта ҳам халқаро ҳамкорлар ёрдамида сув танкерлари ва 1,2 миллион тоннадан ортиқ гуманитар юк Ғазога олиб кирилган.
HRW ҳисоботига кўра, Исроил сув қувурларини ўтказишни тўхтатган ва электр энергияси ҳамда ёнилғини чеклаб қўйган. Бу вазият Ғазо секторида сув ва канализация объектларининг ишини издан чиқариб, аҳолини тоза сувсиз қолдирган.
Human Rights Watch ташкилоти Исроилнинг ҳаракатларини геноцид сифатида баҳолаган иккинчи йирик халқаро ташкилотга айланди. Аввалроқ Халқаро амнистия ташкилоти ҳам шундай хулосага келган эди.
Бу ҳисоботлар Халқаро жиноий суд томонидан Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва унинг собиқ мудофаа вазирига қарши уруш жиноятлари бўйича ҳибс ордери чиқарилганидан кейин эълон қилинди.
HRWнинг Исроилга нисбатан геноцид айбловлари халқаро жамоатчиликда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Исроил эса буни рад этиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳаққига эга эканлигини таъкидламоқда.