09.12.2024 12:44
402
Грузияда Европа Иттифоқи тарафдорлари намойиши 11 кундан бери давом этмоқда
Батумида 11-куни давом этган намойишлар билан бир қаторда кечаси пойтахт Тбилисида парламент биноси олдида яна минглаб одам йиғилиб, ҳукумат қарорига яна муносабат билдирди.
Намойишчилар янги йил байрами доирасида муниципалитет томонидан ўрнатилаётган арча танасига намойишда жароҳатланган журналистлар, санъаткорлар, сиёсатчилар ва намойишчиларнинг фотосуратларини осиб қўйди.
Грузия ички ишлар вазири ўринбосари Александре Дарахвелидзе матбуот анжуманида Тбилисида давом этаётган намойишларда қўлга олинганлар ҳақида баёнот берди.
28 ноябрдан бери парламент биноси ва полицияга қарши зўравонлик ҳаракатлари амалга оширилаётгани ҳақида тўхталган Дарахвелидзе воқеаларда 150 нафар полициячининг яраланганини билдирди.
Шунингдек, давом этган намойишларда баъзи журналистларнинг яралангани, шаҳар инфратузилмасига зарар етгани ва 400 дан ортиқ одамнинг қўлга олингани қайд этилди.
Тбилисидаги намойиш қатнашчилари соат 03:00 атрофида тарқалган.
Ҳукуматнинг Европа Иттифоқи билан музокараларни тўхтатиш тўғрисидаги қарори
Европарламент Грузияда 26 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларини янгилашга чақирди, мухолифат ва Европа Иттифоқи тарафдорлари кўчаларга чиқиб, намойишлар уюштира бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Кобахидзе 28 ноябрь куни қилган баёнотида баъзи европалик сиёсатчилар Грузиянинг ички ишларига аралашаётгани сабаб Европа Иттифоқи билан музокараларни бошламаслик қарорини маълум қилди.
Кобахидзе мамлакатининг 2030 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун фаолиятини давом эттиришини билдирди.
Грузиянинг қарорига муносабат
АҚШ Давлат департаменти Европа Иттифоқи билан музокараларни тўхтатган Грузия билан стратегик алоқалар тўхтатилганини эълон қилди.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича янги Олий вакили Кажа Каллас ҳукуматга қарши намойишчиларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Болтиқбўйи давлатлари ҳам Грузия ҳукуматининг айрим юқори мартабали вакилларининг мамлакатга киришини тақиқлашини маълум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский Грузия бош вазири Кобахидзе ва айрим ҳукумат амалдорларига нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги фармонни имзолади.
АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, ҳукуматга қарши намойишлар давом этаётган Грузияга нисбатан қўшимча санкциялар қўлланилиши мумкинлигини таъкидлади.