14.12.2023 23:59

Грузия Европа Иттифоқига номзод мақомини олди

Грузияга ЕИга кириш учун номзод мақоми берилди, дея маълум қилди Европа кенгаши президенти Шарль Мишель.

Қарорни Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили изоҳлаб, “Табриклаймиз! Европа Кенгаши Грузияга ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришга қарор қилди!” - деб ёзди Facebook саҳифасида.

Шарль Мишель, шунингдек, Европа Иттифоқи Украина ва Молдова учун расмий аъзолик музокараларини бошлаш ниятини эълон қилди, Босния ва Герцеговина билан "аъзолик мезонларига керакли даражада эришилиши биланоқ" музокаралар бошланишини билдирди.

"Украина учун ғалаба. Бутун Европа учун ғалаба. Ғалаба рағбатлантиради, илҳомлантиради ва мустаҳкамлайди”, — деб ёзди Украина президенти Владимир Зеленский Х ижтимоий тармоғида.

“Европа Иттифоқига кириш йўлини Украина ва президент Владимир Зеленский билан бўлишиш мен учун катта шарафдир. Украина Россиянинг шафқатсиз босқинига дадил қаршилик кўрсатмаганида эди, биз бугун бу ерда бўлмас эдик. Келинг, янада кучлироқ ва бирлашган Европани барпо этиш учун биргаликда ушбу йўлга чиқайлик”, — деди Молдова президенти Майя Санду Шарль Мишелнинг баёнотига муносабат билдирар экан.

Украина ва Молдова Европа Иттифоқига номзод мақомини ўтган йилнинг июнь ойида олган. Бу қарор Брюсселдаги саммитда Европа Иттифоқининг барча етакчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари Грузиянинг Европа истиқболини тасдиқлашганди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.