21.12.2024 07:40

Германияда Магдебург Рождество бозорида теракт содир этилди

Германиянинг Магдебург шаҳрида Рождество бозорида содир бўлган теракт катта қурбонлар ва жароҳатланганлар сонига олиб келди. Магдебург қутқарув хизматига кўра, воқеа натижасида 60 дан 80 нафаргача одам жабрланди. Камида 11 кишининг ўлимига ва 80 дан ортиқ одамни жароҳатланишига сабаб бўлган шахс Саудия Арабистонидан эканлиги аниқланган. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қоронғу машина катта тезликда оломон устига юришини кўриш мумкин. Бир қатор немис оммавий ахборот воситалари, жумладан МДР, ҳужум лаҳзасини акс эттирувчи видеоларни эълон қилди. Бироқ мазкур видеоларнинг ҳақиқийлиги ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Терактда камида 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилган. Воқеа шоҳиди бўлган бир аёлнинг айтишича, ҳужумчи “болали оилалар кўп тўпланган бозорнинг энг гавжум нуқтасига” борган. Аёл боласи билан ёнидан сакраб, омон қолган.

Ҳужумдан кейин Рождество бозори ёпилган ва шаҳарда трамвай қатнови тўхтатилган. Тез тиббий ёрдам ходимлари ҳодиса жойида жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатган.

Германия канцлери Олаф Шольц Х платформасидаги постида қурбонлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, қутқарув хизматларига миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Магдебургдаги вазият жиддий ва ташвишлидир.

Магдебург полициясининг маълум қилишича, жиноятчи мустақил ҳаракат қилганми ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Ҳужумчи Рождество бозорида 400 метрга яқин масофани босиб ўтган. Тергов ишлари давом этмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.