10.12.2024 11:40
479
Германия сурияликлар учун бошпана сўровларини тўхтатди
Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идораси раҳбариятига кўра, ҳозирги шароитда ҳар қандай қарорлар мустаҳкам асосга эга эмас. Шу сабабли, Германия қочқинлар ҳақидаги сўровларни кўриб чиқишни сиёсий вазият аниқ бўлгунга қадар тўхтатди.
Миграция бўйича эксперт, профессор Даниел Тием, бу қарорни қўллаб-қувватлаб, вазиятнинг беқарорлиги аниқ ва адолатли қарорлар қабул қилиш имконини чеклаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу жараён ҳафталар ёки ойларга чўзилиши мумкин.
Германиянинг ички ишлар вазири Ненси Фезер бу вазиятни тушунтириб, қочқинларни Сурияга қайтариш ҳақидаги муҳокамаларни "бемаъни" деб баҳолади. Шу билан бирга, мутахассислар огоҳлантиришича, агар Сурияда вазият барқарорлашса, МҚФИ аввал қабул қилинган қарорларни қайта кўриб чиқиши мумкин.
Юрист Филипп Прюйснинг айтишича, бундай ҳолатда юз минглаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли мавжуд.
Маълумотларга кўра, 47 мингдан ортиқ бошпана сўровлари ҳозирда кўриб чиқилмаган. Айни пайтда Германиядан бошпана сўраган қочқинларнинг энг катта гуруҳини сурияликлар ташкил қилади. Уларнинг сони 900 000 нафардан ортиқ.
Германия билан бир қаторда яна саккизта мамлакат: Англия, Австрия, Греция, Швеция, Финляндия, Дания, Норвегия ва Голландия сурияликлар учун бошпана сўровларини чеклаш ёки тўхтатиш бўйича чоралар кўрган.