26.02.2025 09:44
563

Ғазода кучли совуқ 6 чақалоқнинг ҳаётига зомин бўлди

ҲАМАС баёнотида келтирилишича, "Исроил ишғол ҳукумати олиб бораётган сиёсий жиноятлар натижасида Ғазо секторида қаттиқ совуқ ҳукм сураётгани ва иситишнинг имкони йўқлиги сабабли 6 чақалоқ ҳалок бўлди".

Маълумотларга кўра, Исроил Ғазодаги 2 миллиондан ортиқ фаластинликларга инсонпарварлик ёрдами ва уй-жой материаллари етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда, халқаро ҳамжамият эса Исроил томонидан амалга оширилган блокада ва ҳужумлар туфайли Ғазодаги гуманитар фалокат қаршисида сукут сақламоқда.

Баёнотда воситачи давлатлар – АҚШ, Миср ва Қатар “сулҳ бузилишининг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўриш”га чақирилган.

Унда Исроилни ўт очишни тўхтатиш келишуви доирасида гуманитар протоколга риоя қилиш ва Ғазога инсонпарварлик ёрдами, жумладан, бошпана, иситиш мосламалари ва дори-дармонлар етказиб берилишини кафолатлашга чақирилади.

ҲАМАС Ғазодаги фаластинлик болаларни ҳимоя қилишнинг аҳамиятига эътибор қаратиб, Исроилнинг 15 ойдан ортиқ давом этган ҳужумларида 17 мингдан ортиқ боланинг ҳалок бўлганини эслатди.

Исроилнинг Ғазода 15 ойдан ортиқ давом этган ҳужумлари натижасида 61 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 2 миллион киши эса уй-жойини тарк этди.

Ҳужумлар натижасида Ғазо сектори инфратузилмасининг 88 фоизи, жумладан, кўчирилган фаластинликлар яшаб турган шифохоналар, уйлар ва мактаблар вайрон қилинган.

Исроил узоқ вақтдан бери Ғазога гуманитар ёрдам киришига тўсқинлик қилгани боис, минтақа аҳолиси озиқ-овқат, тоза сув, уй-жой ва иситиш материалларига муҳтож.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.