Ғарб мамлакатларининг кўпчилиги узоқ вақт давомида Фаластиннинг босиб олиниши билан боғлиқ масалаларни эътибордан четда қолдириб келди. Ишғол ҳақидаги маълумотлар йиллар давомида фақат йилда бир бор хабарларда эсланиб, яна унутилиб кетаверди. Бу жуда “мураккаб” жараён бўлиб, ҳар икки томондан вазиятни яхши тушунганлар бундан озор чекди. Кўпчилик давлатлар нейтрал бўлишни афзал кўрса, бошқалар Фаластин халқига қилинган туҳматларга ишониб қолди.

Аммо, сўнгги олти ой мобайнидаги можароларда яққол сезилиб қолган шафқатсизликнинг кўлами ва жиддийлиги Фаластин аҳлининг чекаётган азоб-уқубатларига нисбатан билдирилаётган лоқайдликка чек қўйди.

Al-Jazeera ва фаластинлик журналистларининг оммавий ахборот воситаларида хабарларни узлуксиз ва кенг қамровли равишда, ҳадиксиз ёритиб бориши инсонларнинг кўзини очди. Шунингдек, Ғазо ва Фаластиннинг қолган қисмидаги ҳолатнинг ҳақиқий табиатини очиб берди.

Ғазода фаолият юритувчи ҳамда Буюк Британиядаги сиёсатчиларга таъсир кўрсатадиган етакчи нодавлат ташкилотлардан бири бўлган “Инсонийлик учун ҳаракат” дастурида YouGov томонидан сўровнома ўтказилди, унда ҳозирда Буюк Британиянинг 56 фоизи Исроилга қурол экспортини тўхтатиш тарафдори экани аниқланди. Фақатгина 17 фоизи қарши ва қолганлари бетарафдир.  Бу жуда ҳам катта миқдор. Биз кўп йиллар давомида Сурия ва Ямандаги урушлар бўйича жамоатчилик орасида сўров ўтказиб келамиз.  Унга кўра Буюк Британия жамоатчилиги ҳеч қачон веқеликлардан бу қадар атрофлича хабардор бўлмаган ва унга иштиёқ билан қарамаган. Бундан ташқари, сўровнома иштирокчиларининг 59 фоизи Исроил Ғазода инсон ҳуқуқларини бузаётганини айтишган. Бу ҳар беш кишидан учтасига тўғри келади. Атиги 12 фоизи эса бундай деб ҳисобламаган. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу сўров 1 апрель куни “World Central Kitchen”нинг ёрдамчи ходимлари ўлдирилишидан олдин ўтказилган. Бу ваҳшийлик бутун дунёни, ҳатто Буюк Британия ва АҚШ ҳукуматини ҳам ларзага солди. Ҳозирда кўпчилик бу воқеани қоралаётгани сабабли, аксар инсонлар содир этилаётган даҳшатларни тушуниб, душманларга шерик бўлиб қолишни истамайди. YouGov томонидан ўтказилган бошқа сўровлар шуни кўрсатадики, Ғазога қарши уруш қанчалик кўп давом этса, ўт-очишни тўхтатиш тарафдорлари шунчалик кўпайиши эҳтимоли катта (ноябрда 59 фоиз бўлган кўрсаткич февралда 66 фоизга кўтарилган). Шундай қилиб, кўп одамлар Ғазога қилинган ҳужум асоссиз деган фикрни илгари сурмоқда (Ноябрдаги 44 фоиздан февралда 45 фоизга кўтарилди). Шунингдек, тинчлик музокаралари тарафдорлари анчайин кўпайиб бормоқда (бу кўрсаткич ноябрда 61 фоиздан февралда 66 фоизга кўтарилган). Бу бутун Ғарб дунёсида акс этаётган воқеликларга ойнадир. Исроилнинг глобал миқёсдаги энг катта қўллаб-қувватловчиси бўлган Қўшма Штатларда нафақат Оқ уй маъмурияти тинч аҳоли ўлимининг ортиб бораётган сонини оқлашга важ тополмаяпти, балки жамоатчилик ҳам бунга қарши норозилик билдирмоқда. CBC/YouGov ўтказган сўровнома шуни кўрсатадики, октабр ойида америкаликларнинг 47 фоизи Исроилга қурол-яроғ юборишни қўллаб қувватлаган бўлса, ҳозирда  бу кўрсаткич  32 фоиз, яъни умумий аҳоли сонинин атиги учдан бир қисмини кўрсатмоқда. Шу орқали ўт очишни тўхтатиш тарафдорлари ортиб бормоқда.

Фикримизча, бу ҳолат бутун ғарб мамлакатларида содир бўлмоқда. Ғарб жамоатчилигининг катта қисми Ғазо, Ғарбий соҳил ва Қуддусда содир этилаётган инсониятга қарши жиноятлардан тобора кўпроқ хабардор бўлиб бормоқда. Ҳатто Ғазодаги кўплаб тинч аҳоли ўлимини мақбул деб ўйлаган одамлар ҳам содир бўлаётган воқеаларни бирор нарса билан оқлаб бўлмаслигини тушуна бошладилар. Аммо, афсуски, Ғарб ҳукумати сиёсатчилари ўз халқининг ҳис-туйғуларини назардан четда қолдирмоқда. Бу нафақат ахлоқий жиҳатдан мутлақо нотоғри, балки сиёсий нуқтаи назардан ҳам узоқни кўра билмасликдир.

2024 йил “сайловлар йили” бўлди, муайян давр мобайнида дунё аҳолисининг 49 фоизи сайловларда иштирок этди. Гарчи сиёсатчилар ўзларининг виждонига қарши равишда, жамоатчиликнинг Ғазода инсон ҳуқуқлари бузилишининг қўллаб-қувватланишидан норози эканлигини тушуниб етишмаяпти, натижада улар сайловларни қўлдан бой беришлари мумкин.

Кўпчиликнинг фикрича Буюк Британияда Лейбористлар партияси кейинги ҳукуматни тузади. Жамоатчилик Исроилни қуроллантиришни тўхтатишга чақирмоқда, Лейбористлар эса бу ҳаракатларнинг ортида турибди . Бироқ, ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, Лейбористларга овоз беришни режалаштирганларнинг 71 фоизи Буюк Британия ҳам Исроилни молиялаштиришни тўхтатиши керак деб ҳисоблайди.

Ғарб давлатлари йиллар давомида фаластинликларга қарши зўравонликларни қўллаб-қувватлаб келган. Бу масала жамоатчиликнинг лоқайдлиги яъни содир бўлаётган воқеаларга эътиборсизлиги ҳамда ёлғонларга алданиб қолгани туфайли юзага келган. Исроилнинг Ғазога қарши олиб бораётган даҳшатли бузғунчилик ҳаракати сабаб эндиликда, бу каби масалаларга чек қўйилди. Инсоният, ҳар қандай шаклда, ҳамма жойда яхшиликка интилиб келган. Аксарият одамлар тинчлик ва адолатга ишонади. Улар бегуноҳларни ўлдириш нотўғрилигини билишади. Ҳозирда бутун дунё Ғазога юзланиб, фаластинликлар қандай ғайритабиий, жуда ҳам оғир вазиятларга чидашга мажбур бўлаётганини кўриб турибди. Бу хунрезликлар бундан ортиқ давом этишини ҳеч ким истамайди.

Усмон Муқбил, Al-Jazeera мухбири

Мавзуга алоқадор