29.04.2025 15:47
58

Франция мусулмонлари масжиддаги қотилликдан сўнг адолат талаб қилмоқда

Олдинроқ, Франциядаги масжидда 20 ёшли йигит пичоқлангани ҳақида хабар бергандик. 


Воқеадан сўнг Франция матбуоти ички ишлар вазири Бруно Ретаёни мусулмонларга қарши нафратни қўзғатишда ва қотилликка кеч муносабат билдирганликда айбламоқда. 


Le Figaro нашрининг ёзишича, Ретаё жума куни Ла Гранд Комб туманидаги масжидда ёш мусулмон Абубакр Сиссе ўлдирилганидан сўнг воқеа жойига боришни икки кунга чўзган. Сиёсий мезонларга кўра, бу муддат ҳаддан ташқари узоқ муддат ҳисобланади.


Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам ушбу ҳодисага икки кун давомида муносабат билдирмаган. 


Бироқ Макрон Канаданинг Ванкувер шаҳрида одамлар устига машина ҳайдаб юборилиши воқеасига жуда тез муносабат билдирган.


Бош вазир Франсуа Байру эса шанба куни кечқурун воқеа юзасидан исломофобияни қоралаган биринчи расмий шахс бўлди. 


Жиноят жойидаги видеотасвирлардан маълум бўлишича, қотил Ислом диниганисбатан ҳақоратли сўзлар айтган ва зўравонлигини давом эттирган. 


Шунингдек, дастлаб прокуратура ҳодисани масжид жамоаси ўртасидаги можарога боғлаган бўлсада, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва видеоёзувлар бу баёнотни рад этди.


Le Parisien  газетаси эса қотилнинг аниқ исломофобик баёнотларини очиқлади. Прокуратура 40–50 маротаба пичоқ билан яралаш орқали қасддан қотиллик иши бўйича тергов бошлаган. Прокурор, гарчи “исломофобик мотив эҳтимоли бор”, дейишига қарамай, Франция Миллий терроризмга қарши прокуратураси ҳозирча ишни ўз зиммасига олгани йўқ. Воқеа қурбони Сиссе оиласининг адвокатлари эса бу ишни терроризм сифатида кўриб чиқишга чақирмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.