28.01.2025 08:05
346
Фаластинликлар Ғазо сектори шимолига қайтишни бошлади
Ғазо сектори шимолига фаластинликларнинг қайтиши 27 январь куни бошланди. Бу жараён Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ доирасида амалга оширилмоқда.
Исроил гаровдаги шахсларни озод қилиш эвазига фаластинликларнинг уйларига қайтишига рухсат берди ва назорат пунктларини очди. Ўз уйларига йўл олган фаластинликлар учун бу кун катта қувонч олиб келди.
"Уйингга қайтиш — ажойиб ҳиссиёт", — дейди Ғазога қайтган Иброҳим Абду Ҳассера.
Қочқинлар лагерларида ушбу хабар шодлик билан қарши олинди.
"Ҳеч қандай уйқу йўқ. Нарсаларимни тайёрлаб, эрталаб йўлга чиқдим", дейди беш боланинг онаси Гада қувончини изоҳлаб.
ҲАМАС фаластинликларнинг қайтишини ўз ғалабаси деб эълон қилди ва бу билан босқинчиларнинг режалари бузилганини таъкидлади.
Сулҳ доирасида ҲАМАС гаровдаги 33 шахсни озод қилишга рози бўлди, Исроил эса ўз ҳибсхоналаридан 2 мингга яқин фаластинликни қўйиб юборади. Озод қилиш жараёни феврал ва март ойларида ҳам давом этиши кутилмоқда.
2023 йил октябрдаги уруш вақтида Ғазо сектори шимолида кенг кўламли эвакуация амалга оширилган эди. Бугунги кунда фаластинликлар ўз уйларига қайтишни бошлади, бу эса минтақада умид ва тинчликни тиклашга хизмат қилади.