11.01.2025 11:02

Фаластинлик аёл ва болаларга кўрсатган ёрдами учун ЖССТ Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге Ўзбекистон ҳукуматига ушбу ёрдам учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бундай ҳаракатлари инсонпарварлик ва тинчликпарварликнинг ёрқин намунасидир.

26 декабрь куни Ўзбекистон 100 нафар фаластинлик аёл ва болаларни даволаш ҳамда реабилитация қилиш мақсадида Ғазо секторидаги Рафаҳ чегараси орқали эвакуация қилди. Мазкур инсонпарварлик ҳаракати дунё ҳамжамиятида катта эътибор қозонди. 

Эвакуация қилинганларнинг барчаси Ўзбекистондаги мутахассислар раҳбарлигидаги реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилди. Улар учун даволаниш ва соғайишга зарур барча шарт-шароитлар яратилди. Бунда тиббий ёрдам кўрсатиш, психологик қўллаб-қувватлаш ва реабилитация жараёнлари амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилган ушбу ёрдам акцияси Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини яна бир бор намоён этди. Президент Мирзиёев аввалроқ ўз чиқишларида фаластинлик яраланган аёллар ва болаларни даволаш учун қабул қилишга тайёрлигини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 7 октябридан бери Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари оқибатида 46 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.