17.12.2024 09:10
610

Эрон президенти мажбурий ҳижоб қонунига вето қўйди

Эронда ҳижоб қонуни юзасидан ҳукумат ўртасида можаро келиб чиқди. Парламент томонидан қабул қилинган янги қонун аёлларнинг ҳижоб кийиш мажбуриятларини кучайтиради ва уни бузганлик учун қаттиқ жазоларни назарда тутади. Бироқ Эрон президенти Масуд Пезешкиан ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкинлигидан чўчиб, қонунга вето қўйди.

Эроннинг Hamshari нашри президент бу масалани Эронда муҳим қарорларни қабул қилувчи асосий орган – Миллий хавфсизлик Олий Кенгашига топширди, деб ёзади. Бу қонуннинг қисман бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Янги қонун лойиҳасида, айниқса, таниқли шахслар учун катта миқдордаги жарималар, чет элга чиқишни тақиқлаш ва мулкни мусодара қилиш каби қаттиқ чоралар жорий этилган эди.

Яқинда эронлик мусиқачи Парасту Аҳмадийнинг ҳижобсиз чиқиш қилиб, ёзувини YouTube'да эълон қилгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. У ва гуруҳ аъзолари "ислом меъёрларини бузганликлари" учун ҳибсга олинган, аммо тез орада қўйиб юборилган.

Жамоатчилик босими ва ҳукумат ичидаги келишмовчиликлар фонида қонунни қабул қилиш вақтинча тўхтатилди. Жазо таҳдидларига қарамай, Эроннинг йирик шаҳарларида кўплаб аёллар мажбурий ҳижобга очиқчасига қарши чиқишда давом этмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.