Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик қўмитаси ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда ўлдирилгани муносабати билан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда Эроннинг ИРНА расмий ахборот агентлиги қўмита раҳбари Иброҳим Ризоийга асосланиб хабар берди.

“Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси бугун шаҳид Ҳанияга уюштирилган теракт муносабати билан навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади”, — деди Ризоий.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эрон президенти Масуд Пезешкиян Ҳаниянинг ўлдирилишига изоҳ берди.

“Кеча Ҳанияга ғолиблик ишораси билан қўл силкитгандим, энди эса уни елкамда кўтариб кўмишим керак. Эрон ўз суверенитетини ҳимоя қилади ва босқинчи террорчиларни қўрқоқларча қилган ҳаракатлари учун пушаймон едиради”, - деди у.

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Эрон пойтахти Теҳрондаги ҳужумда ҳалок бўлди.

ҲАМАС ҳаракати матбуот хизмати Исроил армияси ҳаракат етакчиси истиқомат қилаётган меҳмонхонага ҳаводан зарба берганини қайд этди.

Ҳания Теҳронга Эрон президенти Масуд Пезешкияннинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун борган эди.

Мавзуга алоқадор