Дональд Трамп даврида АҚШ ташқи сиёсатида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Дунёдаги геосиёсий кескинликлар, қарама-қаршиликлар фонида АҚШда ҳокимият тепасига Дональд Трамнинг келиши вазиятни қайси ўзанга буриб юборади, деган саволлар пайдо бўлмоқда. АҚШ президенти Трампнинг хатти-ҳаракатлари кўпчиликни ажаблантиряпти. АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва 2015 йил иқлим ўзгаришига қарши курашга бел боғлаш мақсадида имзоланган Париж битимидан чиқиш қарори, Панама, Гренландия, Мексика ва Канадага ўхшаган давлатларга нисбатан импералистик баёнотлари, уларни АҚШга қўшиб олиш ҳақидаги популистик баёнотлари, Украина-Россия можаросига тезда барҳам беришга оид чиқишлари инсоният эътиборини ўзига тортди. Уларнинг ҳар бирига таҳлилий жиҳатдан ёндашсак.
Трамп
мамлакатни ЖССТдан чиқариш жараёнини 2017 йилдан 2021 йилгача давом этган
биринчи муддати охирида бошлаган. Кейинги президент Жо Байден Оқ уйдаги биринчи
кунларидаёқ бу қарорни бекор қилди. 21 январь куни Трамп АҚШни халқаро
соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқиши тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Унинг
Париж битими ва ЖССТдан чиқишига оид позициясида кўпроқ Хитойга қарши туриш
кайфияти намоён бўлади. Биринчи президентлик даврида ҳам Пекинни асосий
рақобатчи сифатида кўриб, унга нисбатан тегишли савдо чекловларини жорий этган
ва бундан кейин ҳам шу сиёсат давом этади. Дональд Трамп келтирган рақамларга
кўра, унинг президентлик муддати давомида 350 миллионли аҳолига эга Американинг
ЖССТга йиллик бадали 500 миллион долларга тушган бўлиб, 1,4 миллиард аҳолиси бор
ХХРнинг тўлови атиги 39 миллионга тенг бўлган. Трампнинг президентлик
фаолиятининг биринчи кунидаёқ буйруқни имзолаши АҚШнинг ташкилотни расман тарк
этиши эҳтимолини оширади.
“Улар
бизнинг қайтиб келишимизни жуда хоҳлашди, шунинг учун нима бўлишини кўрамиз”,
дер экан, Трамп, эҳтимол, АҚШ келажакда ЖССТга қайтиши мумкинлигига ишора
қилди. Трамп аввалроқ ташкилотни коронавирус пандемиясига муносабати учун ҳам танқид
қилган эди. Хусусан, у ЖССТ Covid га қарши курашда “Хитойга қарам” эканлигини
таъкидлаганди. Ҳужжатда, шунингдек, ЖССТ “зудлик билан зарур бўлган
ислоҳотларни амалга ошира олмагани ва ЖССТга аъзо давлатларнинг номақбул сиёсий
таъсиридан мустақиллигини намойиш эта олмагани” таъкидланади. Байден маъмурияти
остида Қўшма Штатлар ЖССТнинг энг йирик молиячиси бўлиб қолди. Баёнотдан
кўриниб турибдики, норозилик Хитойнинг муассасага таъсири ошиб бораётганида.
Трампнинг назарида
ташкилот ўз мамлакатида коронавирус эпидемиясининг олдини олиш учун озгина иш
қилган ва Хитойдаги вазиятга жуда кўп вақт сарфлаган. Бундан ташқари, Трампнинг
фикрича, ЖССТ ҳам нотўғри тавсиялар берган, бу эса мамлакатда кенг кўламли
эпидемияга сабаб бўлган. Ваҳоланки, ундан чиқиш ҳам АҚШга, ҳам дунёнинг қолган давлатларига зарар
келтиради. Зеро ЖССТни Вашингтон яратганди, энди эса ЖССТни тарк этишди. Бу
уларнинг шахсий манфаатларидан келиб чиққан, АҚШ фармокология компанияларининг
ЖССТ ишидан норозилиги билан ҳам ифодаланади. Улар дунё фуқаролари, сайёрамиз
саломатлиги ҳақида қайғуряпти, деб ўйламаслик керак. Масаланинг яна бир қизиқ
томони айнан АҚШ аввалига ҳаммани иқлим
бўйича кун тартибига тортди, энди эса улар иқлим бўйича келишувдан чиқиб
кетяпти.
Вашингтон анъанавий энергиядан воз кечиш, яшил энергияга
ўтиш, бу билан атмосферага зазарли чиқиндиларни камайтириш ҳисобига ҳаво
ҳарорати исишини 2 даражага камайтиришни кўзда тутган Париж келишувларидан воз
кечишининг ҳам маълум сабаблари бор. Трам назарида бу битимга амал қилинса, АҚШ
саноати улкан зарар кўради. Шунинг учун Трамп нефть ва газ қазиб чиқаришни
кескин ошириш орқали дунё ва маҳаллий бозорда уларнинг нархини туширишга
эришмоқчи, бошқа маҳсулотлар нархи энергия нархига боғлиқлигини ҳисобга олсак,
Трамп АҚШда нарх-наво барқарорлигига, инфляцияни жиловлашга эришмоқчи.
Иккинчидан, Трампнинг
фикрича, Хитой Париж битимини имзолаганига қарамай, ҳавони жазосиз
ифлослантиришда давом этмоқда. Бу сиёсат ҳам Чин билан боғлиқлиги кўриниб
қолди. Трамп АҚШни 2015 йилда
имзоланган Париж иқлим битимидан иккинчи бор чиқармоқда. 2021 йилда Трампдан кейин президентликка
келган Жо Байден биринчи кунданоқ АҚШни Париж битимига қайтарган. Баъзи
таҳлилчилар бу масалада АҚШ позициясининг ўзгарувчанлиги бошқа давлатларга ўз
мажбуриятларига жиддий ёндашмасликка сабаб бўлишини айтади. АҚШ шартномадан чиқиши
билан Эрон, Ливан ва Ямандан
сўнг дунёда битимга аъзо бўлмаган тўрт мамлакатдан бири бўлади.
Президент Дональд Трампнинг
таъкидлашича, унинг ташқи сиёсати Американи хавфсизроқ, кучлироқ ва фаровонроқ
қилишни мақсад қилади.
Хитой АҚШ назарида асосий рақиб ва таҳдид манбаи. У Пекинни
уйғурларни қираётганликда ва уларга нисбатан геноцидда айблайди. Тайван -
АҚШнинг ҳамкори ва Вашингтон уни ҳимоя қилади. У Хитойни БМТда ўз фуқароларини
юқори лавозимларга келиши учун босим ўтказаётганликда ҳам танқид қилади.
БМТдаги америка элчилигига номзод Стефаникнинг фикрича, Халқаро Телекоммуникация иттифоқи ва Халқаро
фуқаро авиацияси ташкилотида хитойлик давлат хизматчилари ҳозир раҳбар экани
хавотирга молик. Сунъий идрок ва бошқа соҳаларда ҳам америкаликлар халқаро
майдонда етакчилик қилиши зарур, дейди у, “токи меъёр ва стандартларни биз белгилайлик”. Америка БМТ учун энг кўп маблағ
ажратадиган давлат. Америкаликлар ўзлари бошқараётган БМТ агентликлари,
жумладан, Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Болалар агентлигини энг самарали ишлайдиган органлар деб
ҳисоблашайди ва бу
муассасалардан маблағни аяшмайди.
Ташқи сиёсатдаги бошқа мавзуларга тўхталадиган бўлсак, Яқин Шарқда Исроилни қувватлаш бирламчи
вазифа бўлади. Янги маъмуриятдагилар наздида БМТ тизимида “антисемистик
муносабат ва фикрлаш кенг қанот ёзган ва буни бартараф этиш керак. “БМТ
Хавфсизлик кенгаши ва умуман, БМТнинг ҳар бир қисмида биз Исроил билан бирга
бўламиз”, - деган Стефаникнинг
гаплари бу фикрнинг тўғрилигини исботлайди. Президент Трамп минтақа назорат сақлаб қолиш учун курашади, ҲАМАС ва Ҳизбуллоҳни йўқ қилиш учун интилади, яҳудий давлат
хавфсиз яшаши учун нимаики зарур бўлса, ёрдамлашади. Фаластин аҳлига
гуманитар кўмак кўрсатилаётгандай иш тутади, аммо бу жафокаш халқни қириш учун
Исроилга вайронакор қурол-яроғни етказиб беришда давом этади. Стефаникнинг назарида фаластинликлар
даъво қиладиган ерларнинг катта қисми Исроилники. Янги ташқи ишлар вазири – давлат котиби Марко Рубио ҳам Трамп каби АҚШ
манфаатларини биринчи ўринга қўйишга бел боғлаган. Ҳар қандай йўналишда
Вашингтон аввало ўз фойдаси учун курашади. Миллий хавфсизлик, қадриятлар ва
тамойиллар ҳамиша олдинга қўйилади, чунки булар АҚШ давлатчилигининг асосидир.
Хитой ва Россия ташқи сиёсатда кўп эътибор талаб қилинадиган
масалар бўлади. Украинадаги урушни тўхтатиш, Исроил-Фаластин можаросига барҳам
бериш, дунё бўйлаб қатор азалий зиддиятларни бартараф этиш, бошқа конфликтлар
чиқмаслигини таъминлаш, Америка қадиятларини тарғиб қилиш устувор аҳамият касб
этади. Сенатор сифатида Рубио Хитойнинг ашаддий танқидчиси бўлиб келган.
Пекинни у энг қонхўр режимлардан бири деб таърифлайди, айниқса уйғурларга
нисбатан шафқатсизликда айблайди. Диктатуралар, яккаҳокимликлар, ҳуқуқбузар ва
қонунбузар тузумларни қоралаб келади, жумладан Россияни ҳам. Кўпчиликнинг
тахминига кўра, Трампнинг иккинчи президентлик муддатида қўллайдиган услуби биринчисидан
фарқ қилиши мумкин.
Шу билан
бирга, АҚШ учун дунёда энг катта муаммолардан бири Россия ва Хитойнинг сўнгги
уч йил давомида гапириб келинаётган “чегарасиз ҳарбий-сиёсий шериклик” масаласи
бўлиши мумкин. 2022 йилда
Вашингтоннинг Москва ва Пекин билан муносабатлари бутунлай бошқача эди.
Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинидан кейин АҚШ Москва билан деярли
барча алоқаларни узди. Хитой билан эса Байден маъмурияти “зарур бўлса, қарши
чиқамиз ва чеклаймиз, имкон бўлса, келишамиз ва муҳим жойларда ҳамкорлик
қиламиз” деган тамойилга амал қилди. Хитойнинг АҚШ ҳудуди устида учирган ҳаво
шарларига оид можаро, ТикТок компаниясига қарши Вашингтоннинг кучли босими,
Пекиннинг Тайванга нисбатан таҳдидли ҳаракатлари ва Россия-Хитой
бомбардимончиларининг қўшма ўқув машқлари АҚШ ва Хитой ўртасидаги
муносабатларга салбий таъсир қилди. Шунга қарамай, АҚШ президенти Жо Байден ва
Хитой раҳбари Си Цзиньпин бир неча бор шахсан учрашиб, мулоқотни давом эттириш
бўйича келишувга эришди. Аммо энди АҚШ ва Хитой муносабатлари кескинлашиши
мумкин. Дональд Трампнинг иккинчи
маъмурияти даврида Хитой билан муносабатлар янада нотинч ва можароларга тўла
бўлишидан хавотирлар бор. Келишмовчиликлар кучайиши ва бу муносабатларда
жиддий инқироз юзага келиши мумкин. Бу, айниқса, мулоқот каналлари камайиб,
ҳамкорлик соҳалари қисқарган бир пайтда юз бериши мумкин. Яқин тўрт йил ичида
икки мамлакат алоқалари айнан шу йўналишда ривожланиши эҳтимоли юқори. Трамп ва
Путиннинг ўзаро учрашиши ва Украина мавзусини муҳокама қилишни
режалаштираётгани ҳақидаги эълонлар Пекинни жиддий хавотирга солиши
мумкин.Трамп Украинада тезкор сулҳга эришишни хоҳлайди ва бу масалада музокара
учун унга жуда яқин бўлган генерал Келлогни тайинлаган. Трамп тез орада Путин
билан боғланади. Бу мулоқотлар буюк давлатлар ўртасидаги стратегик учбурчакнинг
тузилишини маълум йўналишда ўзгартириши мумкин. Трамп ва Путин ўртасидаги
келажакдаги алоқалар Хитойнинг дунёдаги ўрнига таҳдид сифатида қабул қилиниши
мумкин. Шу сабабли Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев яқинда Пекинга ташриф
буюрди. Кўплаб таҳлилчилар Медведев ва Си ўртасида бўлган учрашув борасида
дарҳол ўз фикрини эълон қилди. Балки Трампнинг Москва ва Пекинни ажратиб юбориш
ҳақидаги баёнотларга қарамай, Кремл Хитойдек дўстидан воз кечмаслигини
тушунтирмоқчи бўлгандир.
Яна бир масала. Хитойнинг Арктика каби ҳудудларда Россия билан ҳамкорликни
кучайтиришга уриниши АҚШни хавотирга соляпти. Трампнинг Гренландияни сотиб олиш
уринишлари, Панама каналини
яна Вашингтон мулки сифатида ўзига қўшиб олиши ортида ҳам Хитойдан хавотирлик
билан изоҳланади. Панамада канали орқали Хитой товарлари олиб ўтилиши, Панама
давлатининг бундан катта даромад топиши, АҚШдан ҳам божлар олинаётгани Трампни
ғазаблантиряпти. Трамп
“сделкалар”ни тузишни яхши кўрадиган инсон. Шу нуқтаи назардан, Панамани қўшиб
олмаган тақдирда ҳам, АҚШ товарлари ташилишига
пул олмасликка кўндиришга уринади. Россияни эмас, кўпроқ Хитойни потенциал
таҳдид сифатида кўраётган Вашингтон Гренландияда кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа
тизимлари жойлаштириши (ҳам Пекин, ҳам Москва ракеталаридан ҳимояланиш учун),
ҳам бу ердаги улкан ерости ва ерусти бойликларига эга чиқиши мумкин. Боз
устига, АҚШ мудофаа вазири ўринбосарларидан бири Эли Ратнер яқинда Хитой
“нафақат Украинадаги уруш бўйича Россия пропагандаси андозаларини кўп ҳолларда
такрорлаётганини, балки ҳали ҳам Россия саноатини фаолиятда ушлаб туришда ёрдам
бераётганини ва унга икки мақсадли маҳсулотлар етказиб бераётганини” эслатди.
Бугун Москвада ҳам, Пекинда ҳам АҚШга нисбатан ишончсизлик бор. Россия ва
Хитойнинг асосий мақсади Қўшма Штатларни дунё етакчилигидан четлаштириш бўлиб,
бунинг учун улар инфратузилмага киберҳужумлар уюштириш ва телекоммуникация
соҳасига зарар етказиш каби усуллардан фойдаланмоқда. Бу эса АҚШнинг миллий
хавфсизлигига жиддий таҳдиддир. Хитой ва Россия ўртасидаги яқинлашув АҚШнинг
глобал стратегик манфаатларига қарши йўналган ҳамда Европа давлатлари билан
ҳамкорликни заифлаштириши мумкин. Шу билан бирга, Хитой-Россия иттифоқи,
айниқса, ҳозирги халқаро тартибдан норози бўлган давлатлар – Туркия, Жанубий
Африка, Бразилия, Яқин Шарқ режимлари учун жозибадор кўринади, бу эса халқаро
мувозанатнинг янги қиёфасини шакллантириш эҳтимолини оширади. БРИКСнинг пайдо бўлиш зарурати
ҳам шундан далолат беради. Трамп эйфория билан айтаётган АҚШнинг Хитой ва
Россия ўртасидаги ҳамкорликни заифлаштириш борасида имкониятлари ҳам чекланган.
Бироқ Путин Трампнинг Оқ уйга қайтишини ижобий ҳодиса сифатида кутаётган бўлса,
Си Цзиньпин бу келажакни хавотир билан қаршиламоқда.Трампнинг биринчи
президентлик муддати давомида у Хитой билан савдо урушини бошлади, Хитойнинг йирик
технологик гиганти “Huawei”ни санкциялар ва босим кампанияси нишонига
айлантирди, унинг ускуналарини АҚШ иттифоқчиларининг тармоқларидан олиб
ташлашга ҳаракат қилди; Ҳинд-Тинч океани минтақасида АҚШнинг ҳарбий иштироки ва
шериклик алоқаларини кучайтирди; шунингдек, COVID-19 пандемияси туфайли
тарғибот уруши олиб борди. Бу сафар Си Цзиньпин учун вазият янада ёмонроқ
кўриниши мумкин. 2016 йилда Хитой иқтисодиёти ҳозиргига қараганда анча юқори
ўсиш суръатларига эга эди, АҚШ иқтисодиёти эса анча суст эди. Бугун вазият анча
ўзгарди. Чинда иқтисодий ўсиш секинлашди.
Трамп яқин ойларда Путин билан учрашишни режалаштирмоқда. У,
албатта, Россия президенти билан учрашади, лекин фақат битта мақсадда - Путинни ён беришга
мажбур қилиш учун.
Трамп нимани ўйлаб топмасин, у Путинни ён беришга мажбур қила олмайди.
Украинадаги можаро Дональд Трамп инаугурация нутқи чоғида айтган АҚШ янги
маъмуриятининг устувор йўналишлари рўйхатида бўлмаса-да, у президентлик фаолиятининг
биринчи кунидаёқ оммавий ахборот воситалари билан суҳбатда бунга тўхталиб ўтди.
Трампга кўра, Владимир Путин тинчликка рози бўлмаслик билан “Россияни йўқ
қилмоқда”. (...) Москвага нисбатан риториканинг бундай кескин кучайиши АҚШ
президентининг яқин келажакда сайловолди ваъдаларини бажара олмаслиги билан боғлиқ. У дунёга
урушни бир суткада тўхтаман дея мужда йўллаб қўйганди. Дональд Трамп Москвада
расмийларнинг кескин қаршилигига дуч келди. Афсуски, келишувга эришишга биринчи
навбатда Россия томонидан қўйилаётган
иккита талаб тўсқинлик қилмоқда: Ғарбнинг Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш
режаларидан воз кечиши ва санкцияларнинг бекор қилиниши. Биринчи талаб АҚШнинг Дональд
Трамп биринчи президентлиги давридаги стратегиясининг бир қисми бўлган
мақсадларидан воз кечишини билдиради. Иккинчи талабни амалга оширишнинг иложи
йўқ. АҚШ барча санкциялардан бир томонлама воз кечиши мумкин эмас, чунки улар
нафақат Вашингтон, балки ЕИ ва бошқа иттифоқчилари томонидан жорий этилган.
Аммо санкциялар босими Кремлга таъсир ўтказиши мумкинлигига ишонч йўқ. Москвага
қарши санкциялар ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Президент Трамп жуда қарама-қарши
сигналларни юбормоқда. Аввал у можарога бир кунда барҳам бериш ҳақида гапирди,
кейин эса дарҳол қўшимча санкциялар ҳақида. Бунда ҳеч қандай изчил стратегия
кўзга ташланмайди. Боз устига, Москванинг асосий мақсади Украинанинг ўзида
эмас, балки Россиянинг Совет давридагидек таъсирини тиклашдир. Менимча, Кремль
ўз мақсадларига эришишдан воз кечмайди. АҚШдан келаётган сўнгги кучли
сигналларни Россия билан фақат кучли позицияда гаплашиш мумкинлигини англашнинг
далили сифатида қабул қилиш мумкин. Москванинг можарони музлатиш истаги йўқлиги
ҳам фронтдаги мавжуд вазият билан боғлиқ. Вазият ўзи учун ижобий ривожланаётган
бир пайтда Путин можарога чек қўйиш ниятида эмас. Россия ҳозирда катта
устунликка эга. Қишнинг энг қаҳратон ойи давом этмоқда, бу Россияга Украинанинг
энергетика инфратузилмаси ва транспорт марказларига ҳужум қилиб, уни чарчатиш
имконини беради. Россия буни аллақачон амалга оширмоқда. Трампнинг 24 соат ичида
можарога барҳам бериш ҳақидаги сайловолди баёнотлари синовдан ўта олмади.
АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили генерал Кейт Келлогг ҳозирда 100 кун ичида
келишувга эришиш ҳақида гапирмоқда, аммо бу вақт оралиғида тинчликка эришиш
даргумон. Муайян белгиларга кўра, Россия 2026 йилда жанг қилишни
режалаштирмаяпти. Бу, хусусан, бюджет режаси билан боғлиқ. Россиянинг 2025
йилга мўлжалланган ҳарбий бюджети рекорд даражада, 2026 йилга режа эса
камтарроқ. Путин Украинани имкон қадар кучсизлантиришдан, қўлидаги барча козир
карталар билан музокаралар столига ўтиришдан манфаатдор. Владимир Зеленскийнинг
ўзи ҳам ўт очишни тўхтатиш шарти Россиянинг кейинги ҳужумларининг олдини
оладиган тинчликпарвар кучларнинг халқаро контингентини яратиш бўлиши кераклигини
айтди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Украина ҳудудига 200 минг Ғарб ҳарбий
хизматчисини жойлаштириш керак бўлади. Ҳозирги вазиятда рақамлар ва қайси
мамлакатлар қўшни киритилиши ҳақида гапириш қийин, бироқ халқаро қўшинлар
назорати остидаги буфер зонани яратиш зарур бўлиши мумкин. Бундай тинчликпарвар
контингентнинг яратилиши, эҳтимол, Украинанинг НАТОга тезроқ кириши ҳақидаги
ваъданинг ўрнини босадиган кафолат бўлар. Бироқ айни дамда Европа ўзининг
мавжуд салоҳияти, тузилмалари ва захиралари нуқтаи назаридан бунга тайёр эмас.
Бундай контингент мавжудлигини тасаввур қилиш қийин.
Менимча, АҚШ НАТОдан воз кечмайди. Аммо европаликларни ўз ҳудудларидаги Америка
аскарларини ўзлари боқишига, яъни молиялаштиришга эришмоқчи. Сайлов кампанияси
давомида Трамп НАТОга аъзо давлатлар мудофаа харажатларини ялпи ички
маҳсулотининг 5 фоизигача ошириши кераклигини қайта-қайта айтган ва Европа
давлатларини Украинани қўллаб-қувватлаш учун масъулиятни оширишга чақирган. У
лавозимга киришганидан кейин бу қарашларини ўзгартирмади. Трамп Қўшма Штатлар
Киевга ёрдам учун бутун Европани жамлагандан 200 миллиард доллар кўпроқ
сарфлаганини эслатди. “Бу кулгили. Бу уларга кўпроқ тааллуқлидир. Бизни океан
ажратиб турибди”, деди Американинг янги президенти Европани назарда тутиб. Балки
Европа бу ишни уддалар. Ахир совуқ уруш даврида Европа давлатлари ўз ялпи ички
маҳсулотининг 10 фоизини мудофаа учун сарфлаган.
Бироқ бугунги реал вазият, ердаги аҳволни кузатсак, Украина
таслим бўлмаган эса-да,
анча чўкди. Жанг майдонидаги манзара ҳам аянчли Киев учун. 2024 йилда Россия армияси 2023 йилга нисбатан 6 баробар кўп Украина
ҳудудини эгаллади. Ҳозир Пентагонда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга масъул
бўлган барча амалдорлар ишдан олингани ёки бошқа ишга ўтказилгани, Давлат департаменти Исроил ва
Мисрдан бошқа барча мамлакатларга ёрдам беришни 90 кунга тўхтатганини инобатга
олсак, Украинанинг мағлубияти тезлашиши мумкин. Трамп бундай ҳалокатли натижага
йўл қўйишдан эҳтиёт бўлади. Украина заиф позициядан тинчлик шартномасини
имзолаши, бу эса мамлакатнинг бўлинишига ва қўғирчоқ ҳукуматнинг ўрнатилишига
олиб келади. Ҳозирча Москва ҳам, Киев урушни келган жойидан тўхтатишга ва
музлатишга рози эмас. Россиянинг
тинчлик музокараларидан қочиши
Трампнинг Украинани
қурол ва пул билан қўллаб-қувватлашга ваъда беришини англатади. Аммо бу
сценарийда ҳам Россиянинг ҳудудий ютуқлари камайиши даргумон. Украина ютадими
ёки мағлуб бўладими, пировардида ҳудудий муаммолар эмас, балки охирги натижадан
сўнг мамлакат кимнинг таъсир доирасига кириши кўп нарсага ойдинлик киритади.
Бир нарсани унутмаслик керакки, мабодо Путин тўсатдан ўлиб қолмаса, Москва ҳеч
қачон босиб олган ва Конституцияга ҳудуди сифатида киритиб қўйган Қрим ва 4 та
вилоятни Украинага қайтармайди.
Абдували
Сойибназаров, сиёсий шарҳловчи