16.12.2024 08:39

Дамашқда 20 метр чуқурликда 100 дан ортиқ оммавий қабрлар аниқланди

"Анадолу" агентлиги Сурия пойтахти Дамашқ яқинидаги Ҳусайнияда оммавий қабр деб тахмин қилинаётган ҳудудни тасвирга олди. Қабр аэропорт яқинидаги ҳудудда аниқланган бўлиб, тахминан 100 дан ортиқ чуқурларда жасадлар бир-бирининг устига кўмилган.

Қабристон қоровули Айман Халил агентликка берган интервьюсида хавфсизлик ходимлари томонидан жасадларни оммавий равишда олиб келиб, ерга кўмганлик ҳолатлари ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳар сафар 150 га яқин жасад келтирилган ва улар асосан тун вақтида кўмилган.

Суриялик Мазҳар Аракузи эса 2014 йилда уч укаси билан асирга олиниб, қийноқларга дучор бўлганини, акаси қийноқлар туфайли вафот этганини айтди. У оммавий қабрда акаси жасадини топиш умидида ДНК текширувидан ўтишга қарор қилган.

Дамашқнинг Ҳусайния туманидаги Асад қамоқхоналарида 75 000 га яқин маҳбус ўлдирилган.

Бу хабар Башар Асад режими даврида содир бўлган инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва қийноқлар ҳақидаги гумонларни тасдиқламоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.